Супер "каскадёр" жарима тўлайдиган бўлди
ЙПХ автомобилининг устига чиқиб, ҳуқуқбузарлик қилган бола видеоси юзасидан расмий маълумот берилди.

25 январь куни соат 15:00 ларда Қўнғирот тумани, Ипак йўли кўчасида кўринишидан вояга етмаган бола йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига тегишли бўлган, тўхтаб турган "Lacetti" русумли, 95545VSF давлат рақам белгили махсус хизмат автомобилининг устига чиққан ва унинг мазкур хатти-ҳаракатлари дўсти томонидан тасвирга олинган.
Видеотасвир ижтимоий тармоқда тарқатилган.
Ҳолат юзасидан суриштирув олиб борилганда, мазкур ҳуқуқбузарликни вояга етмаган, 2005 йилда туғилган Б.Т. содир қилгани маълум бўлди. Ҳудудий профилактика инспектори томонидан тўпланган ҳужжатлар вояга етмаганлар ишлари бўйича туман идоралараро комиссияси томонидан ўрганилди.
Ушбу вояга етмаган боланинг отаси Ж.Т.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47-моддаси (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) биринчи қисми тартибида БҲМнинг бир баравари миқдорида жарима жазоси белгиланган.







