Владимир Жириновскийнинг вафот этгани ростми?
Россия оммавий ахборот воситалари ЛДПР раҳбари Владимир Жириновский 75 ёшида вафот этгани ҳақида расмий тасдиқланмаган хабарлар тарқатди.

Аммо Давлат думаси спикери Вячеслав Володин Жириновскийнинг ўлими ҳақидаги хабарларни рад этди:
"Унинг аҳволи ҳақиқатан ҳам оғир. Бугун у компьютер томографиясидан ўтди. Биз ундан хавотирдамиз. Шифокорлар у учун курашмоқда. Ўзи ҳам ажойиб йигит. Тезроқ тузалиб кетишини тилаб қоламиз", — деган у.
Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ҳам айни пайтда Жириновскийнинг аҳволи барқарорлигини тасдиқлади. Унинг қўшимча қилишича, шифокорлар барча зарурий тиббий ёрдамни кўрсатишда давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Владимир Жириновский 2 февраль куни коронавирус билан касалхонага ётқизилган. Ўшандан бери оммавий ахборот воситалари унинг аҳволининг ёмонлашуви ҳақида кўплаб норасмий маълумотларни чоп этди. Бироқ ЛДПР матбуот хизматида бундай маълумотларнинг ҳаммаси миш-мишлар деб аталди ва уларни рад этди. Охирги марта 21 март куни ЛДПРда Владимир Жириновский шифокорлар режасига мувофиқ даволанишни давом эттираётганини, касалликдан сўнг реабилитация жараёни бироз вақт талаб этишини айтганди.







