Андижонда ўқитувчи ўқувчи қизни калтаклади
Бунга ўқувчиларнинг ҳеч қандай сабабларсиз кетма-кет икки кун дарсдан қочиб кетиши ва дарс жараёнларига қатнашмаётгани сабаб бўлган.

Ижтимоий тармоқларда “Андижондаги мактабда ўқитувчи ўқувчи қизни калтаклади, ўқувчи қиз эса ўзини ҳимоялаш учун ўқитувчига қаршилик кўрсатди” сарлавҳаси билан тарқалган видеохабар Андижон вилояти ИИБ томонидан ўрганилмоқда.
Хабарга кўра, жорий йилнинг 5 апрел куни ижтимоий тармоқларда Асака тумани 38-умумтаълим мактаби тўғрисида тарқалган видеотасвирлар юзасидан Асака тумани ҳокимлиги ҳамда туман халқ таълими бўлими томонидан ишчи гуруҳ тузилиб ўрганиш ишлари олиб борилган.
Тарқалган видеотасвирлардаги ҳолат жорий йилнинг 2 апрел куни дарс тугаши пайтида 10-“А” синфида содир бўлган ва ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида ўзаро келишмовчилик юзага келган. Бунга ўқувчиларнинг ҳеч қандай сабабларсиз кетма-кет икки кун дарсдан қочиб кетиши ва дарс жараёнларига қатнашмаётгани сабаб бўлган.
Ушбу ҳолатдан сўнг ўрганиш давомида туман ҳокимлиги ҳамда халқ таълими бўлими ишчи гуруҳи ва мактаб маъмурияти билан биргаликда ҳолатга ойдинлик киритилиб, ўқитувчи Р.Д. ва ўқувчилар И.С., М.М., Ш.З., ва Б.Ў. муросага келтирилган. Айни пайтда улар ўртасида ҳеч қандай адоват мавжуд эмас. Ўқитувчи ишчи гуруҳ томонидан ҳам одоб-ахлоқ нормаларига қатъий риоя қилиши тўғрисида жиддий огоҳлантирилган. Келгусида бундай ҳолатга йўл қўймаслик хар қандай масалани вазминлик билан ҳал этилиши тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилган.
Таъкидланишича, ўқувчиларнинг ота-оналари билан ҳам сухбат олиб борилиб, фарзандларини доимий дарс жараёнларига қатнашишини назорат қилишлари тўғрисидан тушунчалар берилган.
“Асака тумани ҳокимлиги ўқувчиларнинг ота-оналаридан, Президентимиз томонидан устоз қадрини улуғлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларга ҳамоханг тарзда ўз фарзандларини мактабдаги дарс жараёнларида мунтазам қатнашишлари ва одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя этишларини назорат қилиб боришларини сўраб қолади”, — дейилади хабарда.







