Тожик-қирғиз чегараси нотинч: тунда отишма бўлди
Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида содир бўлган отишма оқибатида чегарачилар яраланган.

Можаро 12 апрель куни Сўғд вилояти Ғофуров туманининг Бобожон тумани Хстеварз ва Боткен вилоятининг Лейлек тумани Борбордуқ қишлоқлари чегарасида рўй берган.
Отишма натижасида Хатлон вилояти Дўсти туманида яшовчи 27 ёшли сержант Зоир Саидумаров оғир яраланган.
Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизматининг Ахборот ва коммуникациялар департаменти хабар беришича, воқеа Қирғизистон чегарачилари хизмат қилган ҳудудда содир бўлган.
Қирғизистон томонининг сўзларига кўра, қўшни ҳудудда пайдо бўлган тожик чегарачилари қирғизистонлик ҳарбий хизматчиларни кўриб, “давлат чегарасининг шартли чизиғи томон ҳаракатланишда давом этган”.
“Қирғизистон чегарачиларининг тўхташ ва чегара чизиғидан ўз ҳудудига ўтиш тўғрисидаги талабларига тожик чегарачилари эътибор бермай, чегарани кесиб ўтиб, Қирғизистон ҳудудига 20 метр чуқурликда кириб боришди. Тожикистон чегарачиларининг ҳудудга чуқур кириб боришига йўл қўймаслик мақсадида Қирғизистон Республикаси Чегара хизмати чегара отряди ҳавога огоҳлантирувчи ўқ узди. Жавоб сифатида Тожикистон чегара қўшинлари томонидан Қирғизистон чегарачиларига қарата ўт очилди”, — дейилади агентлик хабарида.







