Жиноятда айбланган футболчилар
Ҳозирда уларнинг аҳволи қандай?

Мейсон Гринвуд (“Манчестерт Юнaйтед”), Бенжамин Менди (“Манчестер Сити”) ва Гилфи Сигурдссон (“Эвертон”) анчадан буён Англия премьер-лигаси ўйинларида иштирок этишмаяпти. Бунга футболчиларнинг жароҳати ёки мураббийларнинг ишончсизлиги сабаб эмас, бу ўйинчилар жиноий ишда иштирок этишган ва ҳозирда улар тергов остида.
Оғир жиноят қилган Гринвуд манчестерликлар сафида қолмоқда
“Nike” бренди Гринвуд билан алоқаларни узди. Бироқ, Манчестер Юнайтед футболчига маош тўлашда давом этмоқда. Гринвуд билан боғлиқ жиноят январь ойининг охирида бошланган. Унинг қиз дўсти Харриет Робсон Инстаграм саҳифасига лаблари шилинган ва кўкарган жойларининг фотосуратларини жойлаштирди. Робсон ушбу расмларга шундай пост ёзган эди: Мейсон Гринвуд таҳдид қилди ва мени зўрлади”.
Шундан сўнг “Манчестер Юнайтед” аввал далилларни кутди ва бироздан кейин клуб Гринвудни номаълум муддатга дисквалификация қилганини эълон қилди. Бир неча кундан сўнг футболчи зўрлаш ва ўлим билан таҳдид қилишда гумонланиб ҳибсга олинди. 2 февраль куни Мейсон тергов давомида полициядан гаров эвазига озод қилинди.
Шундан сўнг Гринвудда бошқа муаммолар юзага келди – “Nike” бренди Мейсон билан шартномани узди. “FIFA 22” “Komani eFootball” ва “Football Manager 2022” футбол симуляторлари эса уни ўйинлардан олиб ташлади. Футболчи номи ёзилган барча маҳсулотлар “Манчестер Юнайтед” онлайн-дўконидан олиб ташланди.
“Daily Mail” нашрининг маълум қилишича, Гринвуд “Юнайтед”дан ҳафтасига 75 минг фунт маош олишда давом этмоқда. Апрель ойи бошида “Манчестер Юнайтед”нинг айрим мухлислари Мейсон ҳамон клуб веб-сайтида асосий таркиб футболчиси сифатида қайд этилганини пайқашди. Ижтимоий тармоқларда “Юнайтед” ҳужумчини қайтаришга интилаётганини тахмин қилишди, аммо клуб буни рад этди.
“Мейсоннинг мақомида ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Январь ойида у аъзоликдан олиб ташланганидан кўп ўтмай, унинг профилини клуб иловасидан олиб ташладик. Бу Мейсонни илованинг интерактив элементларидан олиб ташлаш учун қилинган. Аммо унинг профили ҳеч қачон веб-сайтдан ўчирилмаган, чунки у “Манчестер Юнайтед” ўйинчиси бўлиб қолмоқда, — деди клуб раҳбарияти.
Бир неча ҳафта ўтгач, Гринвуд “Манчестер Юнайтед"да машғулотларга қайтганлиги ҳақида миш-мишлар тарқалди, аммо журналистлар Крис Уилер (Daily Mail) ва Саймон Стоун (BBC) уларни ёлғон деб топди. Гринвуднинг гаров муддати 30 апрелда тугайди, бироқ у узайтирилиши ҳам мумкин. Ушбу зўравонлик Буюк Британияда жиноий ҳуқуқбузарлик бўлиб, футболчи учун 5 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин. Агар Гринвуд айбдор деб топилса, “Манчестер Юнайтед” билан шартнома бекор қилинади.
134 кунни ҳибсда ўтказган Менди
Бенжамин Менди ҳали ҳам жиддий масала бўлиб турибди. 2021/22 йилги мавсум бошида француз тўртта жинсий зўравонликка айбланган эди. Вақт ўтиши билан иш катта жиноятга айланди. Менди буларнинг барчасини 2020 йилнинг октябрь ва 2021 йилнинг август ойлари оралиғида қилган. 2021 йил август ойида Менди ҳибсга олинди. У Ливерпул шаҳридаги “HMP Altcourse” қамоқхонасига келтирилади. Унда Б тоифасидаги маҳбуслар сақланади. 23 декабрь куни эса футболчи А тоифадаги маҳбуслар (ўта оғир жиноятлар, ҳибсга олинган Манчестердаги “Strangeways”) қамоқхонасига олиб кетилади.
Сўнгра 2022 йил январь ойида Менди гаров эвазига озод қилинди. Шу тариқа у 134 кунни ҳибсда ўтказди. Аммо француз учун чекловлар тугамади: Менди ҳар куни полиция назоратида бўлиши керак ва қилаётган ишлари бўйича ҳисобот бериши шарт. Ҳозирда Менди 25 июлга белгиланган суд жараёнини кутмоқда.
Сигурдссон устидан суд жараёни уч марта қолдирилди
Жиноятдан олдин Гйлфи Сигурдссон Исландия футболи афсонаси эди. У кўп мавсумларни Премьер-лигада ўтказди.
2021 йилнинг ёзида Сигурдссон вояга етмаганларга жинсий зўравонлик қилишда гумонланиб ҳибсга олинган эди. Шундан сўнг “Эвертон” дарҳол футболчини дисквалификация қилди. Сигурдссон ҳам Менди сингари гаров эвазига озод қилинган, у ҳозирда Исландиядаги хавфсиз уйда суд қарорини кутмоқда.
Британия ОАВларининг ёзишича, ярим ҳимоячи кўплаб терговлардан ўтган ва бир неча бор сўроқ қилинган.
“Полиция томонидан бир нечта ашёлар қўлга олинган. У ўта оғир жиноятлар бўйича сўроққа тутилган”, — деб ёзади “The Sun” нашри.
“Daily Mail” нашрининг ёзишича, исландиялик футболчи устидан суд жараёни уч марта қолдирилган. Кейинги муддат 16 июлга белгиланган.
Сигурдссон аллақачон 32 ёшни қаршилаганини ҳисобга олсак, унинг футболчилик фаолияти якунланган бўлиши ҳам мумкин.
Муаллиф: Жамшидбек АМИРОВ








