Жаҳон Банки: Асосий товарлар нархи максимал даражада қимматлашади
Бу кўрсаткич икки йил давомида сақланиб қолиши тахмин қилинди.

Жаҳон Банки “Товар-хомашё бозорлари истиқболи” номли янги ҳисоботини эълон қилди. Унда кейинги икки йилда маҳсулотлар нархлари ҳақида сўз боради.
Ҳисоботга кўра, Россия-Украина ҳарбий можароси туфайли нефть, металл ва бошқа хомашё маҳсулотлари нархи 2024 йил охирига қадар юқори кўрсаткичларда туради.
“Умуман олганда, бу 1970 йиллардан буён кузатилган энг йирик шок ҳолат ҳисобланади. Ҳозир ҳам шок озиқ-овқат, ёқилғи ва ўғитлар савдосига чекловлар кенгайиши орқали чуқурлашмоқда”, – деган Жаҳон Банки вице-президенти Индермит Гилл.
Банк 2022 йилда энергетик ресурслар нархи 50 фоизга ошишини тахмин қилган, аммо у 2023-24 йилларда пасаяди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги товарлари ва металл нархи жорий йилда 20 фоизга кўтарилади, аммо кейинги йилларда бу ўсиш секинлашади.
Озиқ-овқат маҳсулотлари ўтган йилга нисбатан 22.9 фоизга ошади, аммо 2023 йилда ўсиш 10.4 фоизни ташкил этади. Банк энг юқори ўсишни истеъмол ёғларида кутмоқда – 29.7 фоиз. Шунингдек, минерал ўғитлар баҳоси 69.2 фоизга кўтарилади. Бу қишлоқ хўжалиги товарларининг қимматлашувига қўшимча сабаб бўлади.
Аввалроқ Жаҳон Банкининг глобал иқтисодий ўсиш бўйича прогнозлари эълон қилинганди.







