Қозоғистондаги ЙТҲда жабрланганлар Ўзбекистонга олиб келинди
Бугун бахтсиз ҳодиса оқибатида яна бир фуқаро вафот этди.

Фавқулодда вазиятлар вазирининг масуллари кеча, 13 май куни соат 18:05 да Жуалин туманининг марказий шифохонасига етиб бориб, иики давлат ҳамкорлиги асосида ташкилий ва амалий ҳаракатлар олиб борилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги расмий канали хабар берди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Қозоғистон масъуллари юзага келган мазкур бахтсиз ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жароҳатланганларга тез тиббий ёрдам кўрсатишда яқиндан кўмак беришди.
Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш ва Транспорт вазирликлари ҳамкорлигида 2 нафар вафот этган фуқароларнинг жасадлари яшаш манзили – Бухоро ва Хоразм вилоятларига юборилди. Ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар томонидан маросим тадбирларини ўтказиш юзасидан тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Бугун, 14 май куни бахтсиз ҳодиса оқибатида яна бир фуқаро вафот этди. Айни пайтда марҳумни олиб келиш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда.
Хабарга кўра, олиб келинган 23 нафар фуқародан, 18 нафар жароҳатланганлар Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказига жойлаштирилди, 5 нафар фуқаронинг аҳволи яхши бўлгани учун уйига жавоб берилди.
Ҳозирги вақтда марказга жойлаштирилган фуқароларнинг аҳволи шифокорларнинг қатъий назоратига олиниб, тегишли муолажалар ўтказилмоқда.







