“Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” мулоқотининг навбатдаги раунди бўлиб ўтди
Унда Ўзбекистон номидан ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов иштирок этган.

2022 йил 17 май куни Брюсселда Сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” юқори даражадаги мулоқотининг навбатдаги раунди бўлиб ўтди.
Тадбирда Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари ҳамда Европа ташқи ҳаракатлар хизматининг Бош котиби ўринбосари, сиёсий директори Энрике Мора иштирок этди.
Учрашувда мамлакатимиздан ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов бошчилигидаги делегация қатнашди.
Иштирокчилар Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатларидаги сўнгги ўзгаришлар, умумий хавфсизлик муаммолари, жумладан, Афғонистондаги вазият бўйича улар ўртасидаги ҳамкорлик, шунингдек, сув ресурслари, энергетика, чегараларни бошқариш ва савдони қулайлаштириш каби кенг кўламли масалалар бўйича минтақалараро ҳамкорликни муҳокама қилди.
Томонлар тинчлик, барқарорлик ва фаровонликнинг муҳим омили сифатида Европа Иттифоқи мамлакатлари ва Марказий Осиё ўртасида яқин алоқаларни ўрнатишга қаратилган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” ўзаро боғлиқлик ва барқарор ривожланиш бўйича вазирлар конференциясини Самарқанд шаҳрида ўтказилишини олқишладилар.
Учрашув иштирокчилари Афғонистондаги вазият, шунингдек, афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашган.







