“Пахтакор”даги қонун бузувчилар аниқланди
Уларнинг 10 нафарига маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Жорий йилнинг 11 июнь куни Тошкент шаҳридаги «Пахтакор» стадионида Осиё кубоги ўйинлари доирасида 23 ёшгача бўлган футболчилардан иборат «Ўзбекистон» ва «Ироқ» терма жамоалари ўртасидаги футбол ўйини бўлиб ўтди.
Учрашувнинг 12 дақиқасида ҳакам томонидан Ўзбекистон терма жамоасининг дарвозабонига қизил карточка кўрсатилди. Ҳамда 11 метрлик жарима тўпи белгиланди. Мухлислар эса бу ҳолатга норози бўлиб, пластмасса сув идиши ва стакан, оёқ остидаги бетон парчаларини стадионга улоқтирган. Натижада стадионда фотомухбир бўлиб хизмат олиб бораётган фуқаро 1992 йилда туғилган Ж.С. қорин бўшлиғидан жароҳат олган. Унга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан текширув ўтказилмоқда. Текширув давомида жамоат тартибини бузган 47 нафар шахслар аниқланиб, уларнинг 6 нафари: 1998 йилда туғилган А.Фахриддин, 1991 йилда туғилган Т.Сарвар, 1984 йилда туғилган Б.Тўхтамурод, 2003 йилда туғилган Ж.Бехзод, 2002 йилда туғилган В.Мехрож, 1998 йилда туғилган Х.Аброрларга суд томонидан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бундан ташқари 10 нафар фуқаро 10 сутка маъмурий қамоқ, 3 нафари жарима жазосига тортилган, 28 нафарига нисбатан суриштирув давом этмоқда. Шунингдек, фуқаро Ж.С. унга нарса отган шахсга нисбатан даъвоси йўқлигини маълум қилиб ва ариза ёзишдан бош тортган.







