Садио Мане “Бавария” билан оғзаки келишувга эришди
Немис клуби футболчи учун 35 миллион евро таклиф қилган.

“Ливерпул» ҳужумчиси Садио Мане “Бавария” билан шахсий шартнома шартлари бўйича тўлиқ оғзаки келишувга эришди. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо ўзининг twitter'даги саҳифасида маълум қилди.
Қайд этилишича, “Бавария” Мане билан 3 йиллик шартнома имзолаши мумкин. “Ливерпул” билан музокаралар якуний босқичга кирмоқда ва тез орада “Бавария” сенегаллик ҳужумчининг трансфери бўйича янги сўров юборади.
Олдинроқ немис клуби 30 ёшли футболчи учун 35 миллион евро ва 5 миллион евро бонуслар таклиф қилиши ҳақида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, Мане 2016 йилдан бери “Ливерпул”да тўп суради. У “Саутгемптон”дан 41,2 миллион евро эвазига кўчиб ўтган. Маненинг “Ливерпул” билан шартномаси кейинги мавсум охирида тугайди.







