Неймар Париждан кетмайди
У “ПСЖ”да ўйнашда давом этади.

1 июль куни Неймарнинг “ПСЖ” билан шартномаси 2027 йилгача узайтирилиши маълум бўлди. Бразилиялик ҳужумчи Парижни тарк этмоқчи эмас, гарчи клуб раҳбарияти ундан қутулишни режалаштирган бўлсада футболчи кетмоқчи эмас.
Қатар расмийлари ва “ПСЖ”нинг янги футбол маслаҳатчиси Луис Кампос бразилиялик футболчини жамоанинг бир қисми сифатида кўрмаяпти. 30 ёшли ҳужумчи ўтган мавсумда парижликлар сафида барча мусобақаларда 28 ўйинда 13 та гол урди ва 8 та голли узатмани амалга оширди. Йилига 30 миллион евро оладиган футболчи учун бу жуда ҳам паст кўрсатгич. “ПСЖ” Неймарни ҳужумда керак бўладиган асосий ўйинчилардан деб билмайди. Чунки жамоада ундан кам бўлмаган таниқли ва қиммат ҳужумчилар: Килиан Мбаппе ва Лионел Месси бор. Тўғри Месси мавсумни муваффақиятсиз якунлади, лекин барибир Лео Парижда бор-йўғи бир йил ўтказди ва унинг обрўси бразилиялик билан солиштириб бўлмас даражада юқори.
Неймарни танқид қилиш учун бошқа сабаблар ҳам бор. Форвард мунтазам равишда жароҳат олади ва ўзининг бемаъни турмуш тарси ва жанжал муҳити (шу жумладан яқин оила аъзолари) билан клуб имиджига салбий таъсир қилмоқда. Буларнинг барчаси “ПСЖ” президенти Носир Ал-Хелайфининг кескин норозичилигига сабаб бўлмоқда.
Клуб Неймарни сотишга уриниб кўрди, аммо натижа бўлмади. Бразилиялик футболчи бир неча бор “Барселона”га 50 миллион евро эвазига савдолашиш имконияти билан таклиф қилинган. Каталонияликлар бу вариантни кўриб чиқмаган, чунки улар бор эътиборини “Бавария” ҳужумчиси Роберт Левандовскининг трансферига қаратган.
Футболчига “Ювентус” вариант ҳам таклиф этиб кўрилган, бироқ италияликлар футболчига қизиқиш билдирмаган. Неймар ҳам Италияга кўчиб ўтмоқчи эмас. Шунинг учун катта маошга эга муаммоли ўйинчи учун ўн миллионлаб ойлик тўлаш катта аҳмоқлик бўлади. Неймарнинг камчиликлари ҳаммага маълум. Барча потенциал харидорларни қўрқитиш учун жуда кўп сабаблар мавжуд.
Неймарнинг ўзига бўлган ҳурмати юқори, лекин у ўзининг ҳозирги бозор нархини яхши билади. Футболчи энг яхши вариант Парижда қолиб, юқори маош олиш эканлигини тушунади. 1 июль куни бразилияликнинг молиявий кафолатлари яна беш йилга таъминланади.
Бразилиялик футболчининг яқинлари раҳбариятга футболчининг жамоани тарк этиш нияти йўқлигини маълум қилишган.
Қолаверса, ҳужумчи атрофидагилар Неймар “ПСЖ”нинг режаларига киритилганми , деган саволга жавоб беришдан қочган Носир Ал-Хелайфийнинг сўнгги сўзларидан норозилик билдиришди.
“Неймарнинг орзуси бор – “ПСЖ” билан Чемпионлар лигасида ғалаба қозониш. Мумкин бўлган кетиш ҳақидаги миш-мишларга қарамай, у жуда ғайратли ва буни амалга оширмагунча тўхтамайди”, — деб айтган Неймарнинг “Сантос”дан “Барселона”га ўтиши устида ишлаган агенти.







