Бирни кўриб шукур қил
Бир неча кундирки, уйқу йўқ, ҳаловат йўқ. Ватан, юрт тақдирига бефарқ бўлмаган барча юртдошларимиз каби тинчимни йўқотдим. Афсуски, ўртада қон тўкилди.

Ўзбекистон тарихида бўлмаган иш бўлди. Албатта бу қорақалпоқ халқининг иродасини ифода этмайди, бу ишни қилганлар оломондир, жиноятчилар тўдасидир. Шу боис эмоцияларга берилмаслик керак.
Лекин энди дилдаги айрим фикрларни айтишдан ҳам истиҳола қилмаслик лозим. Ўзбек эли асло бировнинг мулкига, эркига кўз олайтирмайди. Ўзбек худди армани сингари Озарбайжоннинг ерини, ўрис каби украиннинг ёки бошқа бировнинг ватанини тортиб олмади. Ўзбек асрлар бўйи гоҳ қозоқ, гоҳ ўрис, гоҳ хитойга сарғайиб, бошпана сўраб юрган қорақалпоқ қондошига ватан берди, бошини силади.
Ер юзидаги етти минг элат ва миллат бор. Уларнинг фақат юздан кўпроғи ўз давлатига эга. Қолганлари у ёки бу мамлакат таркибига киради. Қирқ миллион курд, яна шунча уйғурнинг, миллионлаб қримтатар, татар, бошқирд, гагауз, тамил, каталон, шотланд ва бошқа элатларнинг ўз давлати йўқ. Эронда камида ўттиз миллион озари ўзи мухторияти тугул, ҳатто она тилида таълим олиш имконига эга эмас.
Хитойда бир ярим миллион уйғур махсус лагерларда, "қайта тарбияланмоқда", ўлдирилмоқда. Бирмада мусулмон рохинжалар аёвсиз геноцид қилиняпти, тириклай ёқиляпти. Россияда йигирмага яқин автоном бирлик бор. Уларнинг барчасида руслаштириш сиёсати жадал кетяпти. Тожикистонда яшайдиган ўндан ортиқ Помир халқлари алоҳида миллат сифатида тан олинмайди.
Холисона кўз билан қаралса, Ўзбекистонда қорақалпоқларга муносабат бутунлай бошқача. Мен Қорақалпоғистонда кўп бўлганман. Самарқандда қишда ота-онам сандалда тезак ёқиб исиниб ўтирганда, Қорақалпоқнинг чекка ҳудудларда ҳам газ гуриллаб турганини кўриб ҳавас қилганман. Ҳатто Тошкентнинг айрим маҳалларида йўллар ҳамин қадар бўлсада, Кегейли ёки Мўйноқдаги кўчалар ойнадек текис. Фарғона ёки Сурхондарёда ойлик ва пенсиялар ойлаб кечиккан пайтида ҳам, Қорақалпоқда вақтида берилган. Ҳатто кўпинча катта-ю кичик танловларда ҳам истисно тариқасида юқори ўринлардан бири қорақалпоқларга берилади, бу ёзилмаган қоида. Сабаби ўзбекона андиша: Қорақалпоқларимиз ўксимасин.
Куни кеча Президент айтганидек, бир сўм топсак, олтмиш тийини Қорақалпоққа кетади. Яна нима керак? Бирни кўриб фикр, бирни кўриб шукур қил, деганлар. Қорақалпоқ дўстларимиз ранжимасинлар, бу аслида миннат эмас, шунчаки тузни еб тузлиққа тупурганлар учун эслатма холос. Қисқаси... Ўша гапим гап: Мен - қорақалпоқман!
Рустам Жабборов







