Шакира Пикенинг баъзи сирларини очиш билан таҳдид қилди
Айни дамда улар фарзандларининг масаласида судлашмоқда.

Ўтган ой “Барселона” клуби ҳимоячиси Жерар Пике Шакира билан муносабатлари ёмонлашгани сабабли ажрашиши маълум бўлган эди. Шу кунларда уларнинг суди бўйича ишлар олиб борилмоқда. Пике ва машҳур қўшиқчи қарийб 12 йил бирга яшашди. Бироқ ушбу жуфтлик расмий никоҳда бўлишмаган. Ҳозирда уларнинг икки нафар фарзанди бор. Эр-хотин Пикенинг хиёнати туфайли ажралишмоқда. Айтишларича, Пике Шакирага сармоя масаласини ҳал қилиш учун пул сўраган, хонанданинг оиласи эса уни беришдан бош тортган.
Ушбу ҳолатдан сўнг Шакиранинг аҳволи ёмонлашган. Шакира билан бирга “Ла Бисислета” қўшиғини ижро этган хонанда Карлос Вивес қўшиқчининг Жерар билан ажрашганидан кейинги руҳий ҳолати ҳақида гапирди:
"У менга хафа эканлигини айтди. Шакира жуда қийин даврни бошдан кечирмоқда. Қўшиқчининг ҳолати жуда ёмон”, — деди Вивес.
“Барселона” президенти Жоан Лапорта ҳам Жерардан хавотир олмоқда
"Пике азоб чекмоқда. Бизнинг тасаввуримизда ўйинчиларда шон-шуҳрат, пул ва уларга ёқадиган ҳамма нарса бор. Бироқ бу нарсалардан ҳам қадрли туйғулар мавжуд. Жерар ажойиб инсон. У жамодаги сардорлардан бири, унга омад кулиб боқди ва жамоамизга кўп нарса берди. Пике мухлисларнинг барча қўллаб-қувватлаши ва меҳрига лойиқдир. Мен уни билганим ва яқин муносабатда бўлганимдан бахтиёрман. У ҳозир азоб чекяпти. Биз эса унга ёрдам беришимиз керак”, — деди Лапорта.
Айрим нашрлар берган хабарларга кўра, Шакира Пикени ошкора тарзда жазоламоқчи. Юлдузли жуфтликлар кўпинча шов-шувли жараёнларга дуч келишади. Шакира ва Пике ҳам бундан мустасно эмас. Жерар икки ўғлининг у билан яшашини хоҳлайди. “Маrса” нашрининг ёзишича, футболчи фарзандлари Милан ва Сашанинг қонуний васийсига айланиш ниятида. “Барселона” ҳимоячиси, улар бутун умрларини ўтказган Каталонияда қолишлари керак деб ҳисобламоқда.
Шакира, ОАВ хабарларига кўра, болаларни Маямига олиб кетмоқчи, чунки у Барселонада қолишни истамайди. Судга тайёргарлик кўриш учун Пике ажрашиш бўйича адвокат Тамбореро Абогадосга мурожаат қилди. Хонанданинг манфаатларини оилавий адвокат Пилар Мане ҳимоя қилади.
Собиқ севишганлар болаларни васийлик учун қаттиқ курашга тайёр. Пике ва Шакира яқинда учрашиб, вазиятни муҳокама қилишган, бироқ футболчининг болаларни онаси билан АҚШга қўйиб юборишдан бош тортгани колумбиялик эстрада хонандасини ғазаблантирган. У Жерарнинг баъзи сирларини очиш, унинг мунозарали фаолияти ва шахсий ҳаётининг ҳозиргача сир бўлиб келган тафсилотларини ошкор қилиш билан таҳдид қилган.
Шакирани яхши билганлар ҳаммасига Пикенинг ўзи айбдор эканлигини айтишмоқда
Бу суд ҳақиқатан ҳам Пикега катта муаммо туғдириши мумкин. Сўнгги йилларда ҳимоячининг обрўсига катта путур етди. Апрель ойида Испания Қироллик футбол федерацияси (RFEF ) Пикенинг “Космос” компанияси билан Испания Суперкубогини Саудия Арабистонида ўтказиш учун 24 миллион евро тўлашга келишиб олгани маълум бўлган эди. Вазият ҳал бўлди, аммо Жерар номи атрофидаги салбий аура сақланиб қолди. Клубда Пикенинг ишлари шундоқ ҳам яхши эмас.
“Барселона” бош мураббийи Хави, 35 ёшли ҳимоячини жамоада сақлаб қолмоқчи эмас. Бундан ташқари клуб раҳбарияти яна бир бор футболчиларнинг маошларини қисқартиришни талаб қилмоқда.
Суд жараёнига қадар вазият ҳозирда васийлик масалаларида кўпроқ оналар томонида бўлиши маълум қилинган. Қолаверса, Шакира Пикенинг баъзи сирларини билишини, агар улар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинса, футболчининг обрўсига янада таъсир қилишини таъкидлаган. Бу футболчининг суддаги имкониятларни сезиларли даражада камайтиради. Жерард суд жараёнларида ғалаба қозониш ва ўғиллари билан Барселонада доимий яшаш учун жуда ишончли далиллар келтириши керак бўлади.
Жамшидбек Амиров







