Айримлар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқларимиз бирлигига рахна сола олишмади — Норбоева
Сенат раиси Қорақалпоғистондаги ҳодисаларга муносабат билдирди

Бугун Олий Мажлис Сенатининг йигирма саккизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Мажлиснинг кириш қисмида Сенат раиси Танзила Норбоева Қорақалпоғистондаги воқеалари ҳақида гапирди.
"Қорақалпоғистонда айрим ноҳуш ходисалар содир бўлганидан ҳам барчангизнинг хабарингиз бор. Айрим кучларнинг қанчалик ҳаракат қилишига қарамасдан бўлиб ўтган бу ҳодисалар ҳеч қачон халқимизнинг бирдамлигига рахна сола олмаслигига гувоҳи бўлдик.
Шу билан бирга содир бўлган бу ҳолатда ҳаммамиз ўзимизга тўғри хулоса чиқаришимиз ва ўз ишимизни қайта кўриб чиқишимиз лозим бўлади. Куни кеча Президентимиз ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишда Давлатимиз раҳбари ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратди.
Аввало бу воқеалар барча масалалар халқ билан ҳамнафас тарзда ва ўз вақтида ечилишига барча давлат органлари ва идораларининг кучи ва ресурсларини жалб қилиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Шунингдек, аҳоли томонидан кўтарилаётган муаммо ҳамда масаланинг катта ва кичиги бўлмайди. Уларнинг ҳар бирини ечими муҳимдир.Ҳар қандай кичик деб қаралган масала ўз ечимини топмаган тақдирда, албатта бир куни катта муаммога айланади. Халқ вакиллари сифатида бундай ҳолатга йўл қўйилмаслиги учун биринчи навбатда биз масъулмиз! Мухтасар қилиб айтганда, ўз ишимизни танқидий қайта кўриб чиқишимиз лозим бўлади.
Фурсатдан фойдаланиб, Қорақалпоғистондаги воқеаларда қурбон бўлган ҳамюртларимизнинг оила аъзолари ва яқинларига ўзим ҳамда сенаторларимиз номидан ҳамдардлик билдираман ва сабр тилайман, шифохоналарда даволанаётган фуқароларимизга эса тезроқ соғайиб кетишларини тилаймиз”, — деди Сенат раиси.
Аввалроқ Нукусда сепилган қизил бўёқ бўйича қўшимча маълумот берилганди.







