“Челси”дан кутилган ва кутилмаган трансферлар
Лондонликлар АПЛда чемпионлик пойгасига қайтмоқда.

“Челси” ўтган мавсумни Англия Премьер-лигасида “Манчестер Сити” ва “Ливерпул”дан сўнг учинчи ўринни қўлга киритди. Минимал вазифа бажарилди, аммо етакчи футболчилар билан боғлиқ бўшлиқлар юзага келди.
Лондонликларнинг янги эгаси Тодд Боули ўз клубининг чемпионлик учун курашишини истайди. Бунинг учун у жамоада янгиликларга қўл уриши ва сифатли трансферларни амалга ошириши керак бўлади.
“Челси” том маънода кутилмаганда супер жамоа туза олади, деб ишонишга асос бор. Баъзи Европа футбол юлдузларининг ўзлари Лондонга ўтишни хоҳлашмоқда. Клубнинг таркиби “Манчестер Сити” каби жамоаларникидан ёмон бўлмаслиги бор гап.
Жамоа бу йилги трансферлар ойнасида фаоллик намойиш этди. Қуйида лондонликларнинг ушбу трансферлари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишингиз мумкин.
Стерлинг “Олтин тўп” олмоқчи
“Манчестер Сити” собиқ футболчиси Раҳим Стерлинг “Челси”нинг биринчи ва юқори даражадаги трансферига айланди. У яқинда янги клубида тиббий кўрикдан ўтади. Лондонликлар англиялик футболчи билан 2027 йилнинг июнига қадар шартномани яна бир мавсумга узайтириш варианти билан келишиб олди. «Челси» ҳужумчи учун 47,5 миллион фунт ва 2,5 миллион фунт стерлинг бонус тўлайди. Шу билан бирга, Стерлинг «аристократлар»нинг энг кўп маош олувчи аъзосига айланади. Ҳамда Премьер-лигадаги маошлар бўйича топ-3 таликка киради. Англиялик футболчи янги жамоасида 300 минг фунт стерлингдан кўпроқ маош олади.
Хабарларга кўра, “Манчестер Сити” мухлислари Стерлингнинг қолишини исташган, бироқ футболчининг ўзи клубда асосий ўйинчи бўлишини кутган ва шу сабабли “Сити”ни тарк этишга қарор қилган. У “Олтин тўп”ни олишни мақсад қилгани айтилмоқда.
Стерлинг эндигина 27 ёшда. “Сити”ни тарк этиш унга карерасини кейинги босқичга олиб чиқишга имкон беради. Тухел, албатта, унга Хосеп Гвардиоладан кўра кўпроқ пул тикади.
“Челси” ҳимоясини кучайтириши шарт
“Манчестер Сити”нинг яна бир футболчиси Нейтан Аке “Челси” билан келишувга эришди. Футболчи 2017 йилда тарк этган жамоасига қайтишга тайёр. “Сити” ҳимоячи учун 40-45 миллион фунт стерлинг товон пули талаб қилмоқда. “The Times” нашрининг хабарига кўра, клублар музокараларнинг сўнгги босқичида.
Аке “Челси”нинг янгиланган ҳимоя чизиғидаги асосий фигуралардан бири бўлади. Андреас Кристенсен ва Антонио Рюдигер ёзги трансфер ойнасида “Реал Мадрид” ва “Барселона”га ўтишди. Сезар Аспиликуэта ва Маркос Алонсо ҳам яқин орада “Барса” футболчисига айланишлари мумкин.
Ҳимоя – “Челси”нинг энг оғриқли жойи. Ўтган мавсум клуб “Реал” билан Чемпионлар лигасининг чорак финалида ҳимоя чизиғида қўпол хатоларга йўл қўйди. АПЛ доирасидаги “Арсенал” билан бўлган уй учрашувини (2:4) ҳам эслашимиз мумкин. “Сити” ва “Ливерпул” ҳимояда анча самарали ўйин намойиш қилмоқда. “Челси” ҳимоя чизиғини қайта қуриши керак. Клуб айни дамда бир нечта юқори даражасли ҳимоячиларни сотиб олишни режалаштирмоқда.
“Ювенстуc” футболчиси Маттейс де Лигт “Челси”нинг асосий мақсади ҳисобланади. Аммо Турин жамоаси ҳимоячиси «Бавария»га ўтишга интилмоқда. Голландиялик ҳимоячининг тахминий нархи 75 миллион еврога баҳоланмоқда.
Шунингдек “Челси” “Бавария”дан Даёт Упамекано ёки Бенжамин Павардни сотиб олишга тайёр. Иккала ўйинчи ҳам де Лигтдан арзонроқ бўлади, лекин бошқа томондан улар Маттейсдан ҳам фойдалироқ бўлиши мумкин. Мюнхенликлар Упамеканони қўйиб юборишга унчалик мойил эмаслар, аммо улар де Лигтнинг трансферидан кейин Павард билан хайрлашишга тайёр. Агар шундай бўладиган тақдирда “Челси” дарҳол музокараларга қўшилади.
Муаллиф: ЖАМШИДБЕК АМИРОВ








