Фоден “Манчестер Сити” билан шартномасини узайтирди
У 2027 йилгача “шаҳарликлар” сафида ўйнайди.

Англия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Филипп Фоден “Манчестер Сити” билан янги узоқ муддатли шартнома имзолади. Бу ҳақда инглиз журналисти Майк Киган хабар берди.
Манбага кўра, “шаҳарликлар” ҳафта охиригача буни расман эълон қилади.
Олдинроқ, 22 ёшли Фоден клуб билан 2027 йилгача шартнома имзолаши ҳақида хабар берилганди. Музокаралар бир неча ой давом этди. “Сити” британиялик футболчига ҳафтасига салкам 270 минг евро маош тўлайди. Шундай қилиб, Фоден дунёнинг энг кўп маош олувчи ёш футболчиларидан бирига айланади.
Эслатиб ўтамиз, Фоден ўтган мавсумда клуб сафида 28 та ўйинда майдонга тушиб, 9 та гол урди ва 5 та голли узатмани амалга оширди.







