“Барса”да яна бир муаммо пайдо бўлди
Клуб янги келган футболчиларни рўйхатдан ўтказолмаяпти.

Агар йилнинг “энг қизиқарли” клубига мукофот берилса, “Барселона” бу йил ушбу мукофотга эга бўларди. Каталонияликлар қийин молиявий аҳволдан сўнг ОАВ ҳуқуқларининг бир қисмини сотиб, иқтисодий ҳолатини яхшилаб олди. Шундан кейин клуб бир қатор ўйинчиларни сотиб олишни бошлади. Ҳозиргача жамоа трансферлар учун 153 миллион евро сарфлади. Аммо Каталония клубида янги муаммо пайдо бўлди. Айни дамда “Барса” иккита янги футболчисини йўқотиш хавфи остида турибди. Уларнинг жамоага келганига атиги бир ой бўлди.
Гап Андреас Кристенсен ва Франк Кессиер ҳақида кетмоқда. “Барса” футболчиларнинг “Челси” ва “Милан” билан шартномалари тугашини кутди ва иккита яхши ўйинчини текинга қўлга киритди. Ҳар икки футболчининг трансфери 4 июль куни эълон қилинган эди.
“ESPN” журналистлари Кристенсен ва Кессиер ушбу ўйинчилар “Барса” учун бирорта ҳам расмий ўйин ўтказмасдан кетишлари мумкинлигини айтишди. Ҳар иккиси ҳам жамоа ўйинчиси сифатида рўйхатдан ўтгани йўқ. Икки кунда сўнг “Барса”нинг “Райо Валекано” билан Испания чемпионати доирасида 1-тур ўйини бўлиб ўтади.
Кристенсен ва Кессиернинг жамоани тарк этиш эҳтимоли юқори эмас. Аммо клуб ҳали ҳам вазиятдан хавотирда. “Барса” президенти Жоан Лапорта эса янги келганлар рўйхатдан ўтишга улгуриши ҳақида ваъда бермоқда. Агар бу иш бермаса, клуб раҳбарлари Кристенсен ва Кессиернинг агентларини футболчиларнинг кетиш имкониятидан фойдаланмасликлари учун уларни рози қилиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, ўйинчиларнинг рўйхатдан ўтиш муддати август ойи охиригача давом этади.
Ҳозирча жамоага янги келган Роберт Левандовски, Рафиня ва Жюл Кунде каби футболчилар ҳам рўйхатдан ўтказилмаган. Ёзда жамоа билан шартномаларини янгилаган ўйинчилар Серги Роберто ва Усмон Дембеле ҳам улар қаторида. Юқорида санаб ўтилган футболчилар маълум сумма эвазига клубга келиб қўшилган, шу сабабли, уларнинг кетиш имкони йўқ.
2020 йил октябрь ойида, Хосеп Бартомеу бошчилигидаги аввалги раҳбарият тўрт нафар футболчи билан шартномани узайтиришга эришганди: булар Жерар Пике, Клеман Лангле, Френки де Ёнг ва Марк-Андре тер Штеген.
Бу футболчилар кейинчалик шартномаларини узайтириш шарти билан маошларини қисқартиришга рози бўлишган. Янги бошлиқлар шартномалар қонунга зид равишда тузилган деб ҳисоблаб, уларни бекор қилмоқчи. Агар футболчилар рози бўлмаса, суд қарорини кутишга тўғри келади.
Рўйхатга олинган футболчилардан Жерар Пике “Барса”га шартномасини бекор қилишини айтган. Яна бир фахрий Серхио Бускетс яқин орада маошини қисқартириш билан янги шартнома имзолайди. Буларнинг барчаси клубга янги келганларни рўйхатга олишда ёрдам бериши мумкин.
“Барса” айни дамда Де Ёнгдан қутулишга уринмоқда. Унга бир қатор жамоалар қизиқиш билдирмоқда. Бироқ футболчининг ўзи жамоани тарк этишни истамаяпти.
Каталонияликлар ҳозирда “Челси” аъзоси Маркос Алонсани жамоага қўшиб олишга ҳаракат қилмоқда. Агар, янги келган футболчилар рўйхатдан ўтказилса, Алонса билан шартнома имзоланиши мумкин.
Жамшидбек Амиров







