Конья-2022: Туркия нуфузли мусобақага мезбонлик қилмоқда
Унда ўзбекистонлик спортчилар ҳам иштирок этяпти.

Шу кунларда Туркиянинг Конья шаҳрида V Ислом бирдамлиги ўйинлари бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон делегацияси ҳам тўлиқ таркиб билан иштирок этмоқда.
Ислом бирдамлик ўйинлари дастлаб 2005 йил Саудия Арабистонида бўлиб ўтган. Шу кунга қадар ўйинлар Индонезия ва Озарбайжон давлатларида ўтказилган. 2009 йил Эронда иккинчи бор ташкил этилиши режалаштирилган Ислом бирдамлик ўйинлари айрим сабабларга кўра кейинги йилга қолдирилган эди. Бироқ, 2010 йилда ўйинлар бутунлай бекор қилинди. Барча Ислом бирдамлик ўйинларида медаллар жамғариш бўйича Туркия яққол пешқадам ҳисобланади.
Умуман олган мусобақа Ислом оламида спортни ривожлантириш, спортчилар ўртасида биродарлик ва ҳамжиҳатлик маданиятини оширишга қаратилган. Мусобақада аввал Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар қатнашиши режалаштирилган эди. Бироқ, айни дамда ушбу ташкилотлат аъзолигига эга бўлмаган давлатлар ҳам турнирда баҳсларга киришган.
V Ислом бирдамлик ўйинлари аввалроқ СОVID-19 пандемияси сабабли бекор қилингани учун бир йил кечикиб ўтказилмоқда.
Конья Туркиядаги энг катта вилоятлардан бири ҳисобланади. Вилоят маркази ҳам шу ном билан аталади. У мамлакатда аҳоли сони бўйича еттинчи ўринда туради. Ҳудуд 31 та тумандан иборат. Конья Туркиянинг жанубий-марказий қисмида жойлашган йирик шаҳардир. Вилоят 31 та тумандан иборат. Конья саноати ривожланган, шаҳар аҳолиси икки ярим миллион кишини ташкил этади.
Конья Рум Султонлиги даврида пойтахтга айлантирилган. Салжуқийлар даврида эса шаҳар илм-фан маркази бўлган.
Мазкур шаҳарда 9 август куни старт олган Ислом бирдамлиги ўйинлари 18 августга қадар давом этади. Айни дамда турнир қизғин паллага кириб бормоқда. Мазкур нуфузли спорт ўйинларида Ўзбекистон номидан ҳам қатор спортчилар иштирок этмоқда.
Баҳсларда юртимиз шарафини 268 нафар иштирокчилар 24 та спорт турида ҳимоя қилмоқда. Мусобақани юқори савияда ўтказиш учун Туркия спорт ташкилотлари ва ташкилий қўмита томонидан кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Ўйинларда Ўзбекистоннинг гандбол, волейбол ҳамда баскетбол бўйича аёллар терма жамоалари ҳам медаллар учун кураш олиб боряпти.
Шу кунга қадар спортчиларимиз 14 та олтин, 14 та кумуш ва 23 та бронза медални қўлга киритишди.
Жамшидбек Амиров







