“ПСЖ” айрим футболчиларидан қутулмоқчи
Янги мураббий клуб таркибини ислоҳ қилмоқда.

“ПСЖ” ўзи ишонмаган футболчиларни ўринбосарлар таркибига юбориши мумкин. “L'Équipe” нашрининг хабарига кўра, Андер Эррера, Рафиня Алкантара, Жулиан Дракслер, Лейвин Курзава, Мауро Икарди, Тило Кеҳрер, Идрисса Гуэе ва Эрик Эбимбе парижликлар бош мураббийи Кристоф Галтиерга умид боғлашмаяпти. Кеча “Монпеле” билан бўлиб ўтган ўйинда уларнинг бирортаси ўйин қайдномасига киритилмаган.
Агар бу футболчилардан бирортаси клубни тарк этишдан бош тортса, “ПСЖ” уларни Франциянинг пастги дивизионида ўйнайдиган ўринбосарлар жамоасига юбориши мумкин.
“ПСЖ” Галтиернинг келиши билан прагматик усулга таянмоқда. Бу қисман молиявий фейр-плей қоидаларига қандайдир тарзда риоя қилиш зарурати билан боғлиқ. Аммо мураббийнинг позицияси ҳам муҳим роль ўйнади. Галтиер қиммат, аммо фойдаланилмаётган ўйинчиларга эга клубнинг мухлиси эмаслигини аниқ айтди.
Клуб ниҳоят бу жараёнда қаттиқ чораларни кўрмоқда. Галтиер чоршанба кунидан бери асосий жамоадан алоҳида машғулот ўтказаётган ҳужумчи Мауро Икарди ва унга ўхшайдиган қолган ўйинчилар клубга керак эмаслигини очиқчасига маълум қилди.
“Мен 25 та ўйинчи билан ишлашни хоҳламайман. Бундай сондаги футболчиларни сақлаб қолишнинг иложи йўқ. Ҳафта бошида Мауро билан учрашиб, таркибни янада қисқартирмоқчи эканлигимизни айтдим. Мауро сўнгги мавсумларда жуда кам ўйнади. Унинг фаолиятини қайта бошлаши муҳим. Бунинг учун кўпроқ ўзига мос жой топиши керак. Биз энг яхши йўлни топишимиз керак - бу нафақат Мауро, балки клуб манфаати учун ҳам муҳим. Икардига ўз маҳоратини кўрсата оладиган жамоа керак. Аммо сўнгги икки йил унинг учун жуда оғир бўлди”, — деди Галтиер.
Икардида ҳақиқатан ҳам ҳозирги “ПСЖ”да муҳим роль ўйнаш имконияти йўқ. 29 ёшли ҳужумчи кеч бўлмасдан олдин фаолиятини қайта бошлаш учун жамоасини ўзгартириши керак. Муаммо шундаки, Мауро Парижда захира ўриндиғида ўтиришни афзал кўради. У парижликлар сафида юқори маош олади, шу сабабли ҳам клубини ўзгартиришни хоҳламаяпти.
Икардига қарор қабул қилишда рафиқаси ва агенти Ванда Нара катта таъсир кўрсатади. Яқинда эр-хотин ажрашаётгани ҳақида миш-мишлар тарқалганди. Мауро Ибизада таътилда ўз севгилиси билан тушган суратини эълон қилиб, бу гапларни рад этди. Форвард ОАВни бемаъни гапларни ўйлаб топишда айблаб, пост ёзди.
Вандага “ПСЖ”нинг Икарди билан шартномасини бекор қилиши ёқмайди: “Мауронинг клуб билан шартномаси яна икки йилга амал қилади. Амалдаги шартномани бузиш учун клуб катта пул тўлаши керак.” — деди Нара.
Наранинг норозилиги клуб позициясини ўзгартирмайди. Ванда буни тушунади. У Маурони бошқа клубда ўйнаши учун ҳаракатларни бошлади. “TyC Sports” нашрининг хабарига кўра, 29 ёшли ҳужумчига "Манчестер Юнайтед" ва “Галатасарой” қизиқиш билдирмоқда. “Манчестер Юнайтед” Икардини сотиб олиш опцияси билан ижарага олмоқчи. Шу билан бирга, Нара “Галатасарой” вакиллари билан уч марта учрашган, шунинг сабабли футболчи Туркия клубига ўтиши ҳам мумкин.
Ярим ҳимоячи Андер Эррера “Атлетик”га қайтиши ҳақида хабарлар тарқалди. “Cope” нашри берган хабарга кўра, 32 ёшли испаниялик футболчи 2011 йилдан 2014 йилгача ўйнаган клуби билан принтсипиал келишувга эришган. Айни дамда Эррера “ПСЖ” билан 2024 йилнинг июнигача мўлжалланган шартномани бекор қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.
Эррера ёзда жуда кўп интервью бериб, ўзининг жамоадошлари Килиан Мбаппе, Марко Верратти, Лионел Месси, Неймар, мураббий Галтиер ва умуман “ПСЖ” клубини мақтаган. Бу жамоада қолишга ёрдам бермади, гарчи Андер Парижни тарк этишни истамаса ҳам.
Испанияликнинг позициясида анча ёш ва самаралироқ рақобатчилар бор. Аввал жамоа Эррера каби футболчиларни қандай бўлмасин захирада ушлаб туриши мумкин эди. Энди вазият ўзгарди. Андерга ўзига янги клуб топиши маълум бўлди. Франциянинг бешинчи дивизионида ўйнаш истиқболидан сўнг, “Атлетик” варианти тезда пайдо бўлди.
Бошқа кераксиз ўйинчиларга бир қатор клублар қизиқмоқда. Инсайдер Фабрицио Романонинг хабар беришича, Кеҳрерга “Вест Хем” ва “Севиля” даъвогарлик қилмоқда. Парижликлар Рафиня Алкантарани Бразилия клубларига, хусусан, “Ботафого”га сотиб олишни таклиф қилишган, аммо улар рад этишган.
Гее эса “Эвертон”га қайтиши мумкин. Британияликлар 32 ёшли сенегаллик футболчининг трансфери бўйича музокараларни бошлаб юборган. “ПСЖ” “Интер” ҳимоячиси Милан Шкриняр учун 60 миллион евро ва Дракслерни таклиф қилди. Италияликлар 80 миллион евро талаб қилишди, шу боис музокаралар тўхтаб қолди. Ҳар ҳолда, трансфер ойнаси тугашига ҳали уч ҳафта бор. Дракслерда янги клуб излаш учун кўп вақт бор.
Кристоф Галтиер клубнинг кадрлар сиёсатига ёндашувини ўзгартирмоқда. Мураббий жамоада ишчан муҳит яратишга муваффақ бўлди. Бу Галтиер билан ишлашни ёқтирадиган “ПСЖ”нинг асосий юлдузларига жуда ёқмоқда.
“ПСЖ” юлдузлари янги мураббийни яхши қабул қилишди, унинг ишларини маьқул топишди. Галтиер футболчиларни қандай қилиб ишонтиришни ва интизомни сингдиришни яхши билади. Кристоф Неймар билан муаммони ҳал қилди, у яна жамоа манфаати учун ишлашга рози. Футболчи ҳеч қаерга кетмоқчи эмас. Мавсум энди бошланди, “ПСЖ”нинг истиқболлари ҳақида жиддий хулоса чиқаришга ҳали эрта. Бироқ, Галтиернинг Парижда ўзидан олдинги мураббийларга қараганда муваффақиятлироқ бўлишини кўрсатадиган аниқ белгилар мавжуд.
Жамшидбек Амиров







