Мбаппе ва Неймар можароси қандай якун топди?
Килиан бразилиялик футболчининг жамоадан кетишини хоҳламоқда.

Европада мавсум энди бошланган бир вақтда “ПСЖ”да яна бир муаммо юзага келмоқда. Гап шундаки, Килиан Мбаппе Неймарни сотиш илтимоси билан клуб раҳбариятига мурожаат қилган. Нуфузли инсайдер Ромаин Молинанинг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда икки футболчи ўртасидаги муносабатлардаги кескинлик мунтазам равишда кучайиб бормоқда. Уларнинг дўстлиги аввалгидек мустаҳкам эмас.
Мбаппе сўнгги беш йил ичида Неймардан кўп нарса ўрганганини тан олади. Аммо энди у Лионел Мессидан тажриба орттиришни афзал кўрмоқда. Бу ҳолат “ПСЖ” зудлик билан ҳал қилиши керак бўлган муаммолардан бири. Бу йўналишда дастлабки қадамлар аллақачон ташланган. Бироқ, можаронинг якуний ечими ҳақида гапиришга ҳали эрта.
Мбаппе ва Неймар ўртасидаги зиддият қандай ривожланди?
“Get French” ва “Football News” манбаларининг таъкидлашича, Мбаппенинг яқин одамлари клуб Килиан билан шартномани узайтирганидан бери Неймарни сотишга интилишган.
Мбаппе “Реал”га ўтишдан бош тортиб, Парижда қолишга қарор қилганидан кейин “ПСЖ”да алоҳида ўринга эга бўлмоқда. “Sky Sports” маълумотларига кўра, ҳужумчи ойига 4,75 миллион евро маош билан дунёнинг энг кўп маош олувчи футболчисига айланди. Шартнома тахминан 120 миллион еврони ташкил этади. Шу билан бирга, Килианга кадрлар сиёсатига ҳам таъсир ўтказишга рухсат берилди.
Неймар билан июнь ойидаги ҳолат ҳақиқатан ҳам Мбаппени ҳаракатга келтирган бўлса керак. “ПСЖ” президенти Носир Ал-Хелайфи шунчаки Килианнинг истагини билиб, клубнинг бразилиялик футболчи билан хайрлашиш нияти ҳақида гапирганди. Бир мунча вақт можарони парижликларнинг янги бош мураббийи Кристоф Галтиер бартараф этди. У ҳозирда жамоанинг барча юлдузлари билан яхши тил топишган.
Галтиер Мбаппени ишонтирди ва Неймарнинг мотивациясини оширди. Бразилиялик футболчи жорий мавсумда “ПСЖ” сафида учта ўйинда “гол+пас” тизими бўйича саккиз очко жамғарган. Ҳужумчи Лига 1нинг 2-туридан ўрин олган “Монпеле” билан ўйинда дубл қайд этди. Ўйиннинг 90-дақиқасида Неймар ўрнига Уго Экитике майдонга тушганида, мухлислар бразилиялик футболчини олқишлашди. Чемпионатнинг 2-турида “Клермон” билан ўйинида ҳам Неймар гол урди ва учта голли узатмани амалга оширди. “Нант”га қарши Франция Суперкубоги учун кечган учрашувда рақиб дарвозасига иккита гол урди.
Мбаппенинг ўйинида бироз пасайиш кузатилмоқда. Килиан жароҳати туфайли мавсумнинг дастлабки иккита ўйинини ўтказиб юборди. “Монпеле” билан ўйинда 23 ёшли француз пенальтини голга айлантира олмади. Аммо у ўйиндан гол уришга муваффақ бўлди. Бироқ, голни нишонламагани ўзининг ўйинидан кўнгли тўлмаганини англатарди.
Умуман олганда, Килиан ўзига ишончсиз кўринди. Ҳамда вақти-вақти билан ўйинни ташлаб қўйди ва баъзи дақиқаларда бор кучи билан ҳаракат қилмади.
“L'Équipe” ва “RMC Sport” нашрларининг ёзишича, Килианнинг бу хатти-ҳаракатига унинг шахсий муаммолари сабаб бўлган.
Парижликларнинг мухлислари эса Килианнинг Неймарга бўлган муносабатидан ғазабланишган. Ҳамда уни кескин танқид қилишмоқда. Бир вақтнинг ўзида Неймар ва Мессини мақташмоқда.
Галтиер Мбаппе муаммоасини ҳал қилишга қарор қилди ва ҳужумчининг жароҳатидан сўнг ёмон спорт формасига ишора қилди:
“Мбаппе уч ҳафта футбол ўйнамади. Учта тўлиқ бўлмаган назорат учрашувини ўтказди. Мен унга жисмонан қийин бўлишини билардим. Лекин ҳаммаси жойида, у формасини тиклаши керак”.
Неймарнинг ўзи оловга ёғ қуйди. Бразилиялик футболчи Мбаппенинг “ПСЖ”нинг тўлиқ пенальти тепувчисига айланганидан норози. Клубнинг бу қарорини танқид қилган.
Неймар Мбаппенинг уни бошқа клубга ўтишини хоҳлагани учун Килиандан бироз норози бўлгандир. Галтиер келиши билан футболчилар шахсий норозиликларни бир четга суриб, бор эътиборни ишга қаратишди. Бироқ Неймарнинг ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги ва мухлисларнинг кескин муносабати Килианнинг ғазабини келтирган. Ҳамда ҳиссиётларга берилиб, бразилиялик футболчини сотиш талаби билан раҳбариятга мурожаат қилган.
Футболчилар бир-бирларини очиқчасига ёмон кўришлари ҳақида маълумотлар бор. Аллақачон ҳал бўлиб кўринган можаро яна бошланмоқда.
“ПСЖ” раҳбарияти Мбаппе ва Неймар ўртасидаги қарама-қаршиликни эътиборсиз қолдира олмади. Клуб бош мураббий Галтиер ва спорт директори Луис Кампос иштирокида футболчилар йиғини ташкил этилди.
Журналист Ле Парисиеннинг ёзишича, суҳбат самарали бўлган. Кампос футболчилар билан суҳбатлашган. У уларнинг хатти-ҳаракати жамоанинг ўйинига зарар келтирмаслигини айтди. Йиғилишдан сўнг футболчилар воқеа бартараф этилганини тан олишди.
Айрим экспертларнинг мулоҳазалари хавотир уйғотади. Хусусан, афсонавий Терри Анри очиқчасига Мбаппе томонига ўтиб, ёш футболчи ҳеч кимга ҳеч нарсани исботлаши шарт эмаслигини айтди.
“Бу Мбаппенинг жойи. Албатта, Килиан яна ўзининг энг яхши ўйинини кўрсатиши керак. Аммо унинг исботлайдиган ҳеч нарсаси йўқ. Бош мураббий Месси, Неймар ва Мбаппени майдонга сиғдириш, уларни хурсанд қилиш йўлини топиши керак. “ПСЖ”да ҳар доим низолар ва муаммолар бўлиб туради”.
Юлдузлар ўртасидаги илиқ муносабатлар Галтиер жамоасининг муваффақият калитидир. Мавсум бошида мана шундай муаммолар бартараф этилса жамоанинг ўйинига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши аниқ.
Жамшидбек Амиров







