“Челси”даги фаолиятим якунланганидан хафаман — Тухел
Томас Тухел собиқ жамоаси ҳақида пост қолдирди.

Германиялик Томас Тухел 7 сентябрь куни эрталаб “Челси” бош мураббийлигидан бўшатилди. Шундан бир қанча вақт ўтибгина у омма олдида баёнот берди. Немис мураббийи ҳеч қайси журналистга интервью бермаган ва уларнинг саволларини ҳам жавобсиз қолдирган. У шунчаки Tвиттердаги саҳифасига бу ҳақда пост қолдирди.
“Бу мен ёзишим керак бўлган энг қийин баёнотлардан бири. Бироқ бу ҳақда ёзаман деб ҳеч ўйламагандим. “Челси”даги фаолиятим якунланганидан хафаман. Бу клуб мен учун ўзимнинг шахсий уйимдек бўлиб қолганди. Жамоада мени аъло даражада кутиб олишгани учун ходимлар, футболчилар ва мухлисларга чин қалбимдан миннатдорчилик билдираман. Клубга Чемпионлар лигаси ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғалаба қозонишига ёрдам берганимдан жуда хурсандман. Буни умуман унутиб бўлмайди. Клуб тарихининг бир қисми бўлганимдан фахрланаман. Ўтган 19 ойлик хотиралар мен учун алоҳида ўрин тутади”.
Қизиғи шундаки, Тухел ўзининг Tвиттеридан кам фойдаланади. “Челси”да ишлаган вақтида мураббий саҳифасига бирорта ҳам пост ёзмаган. Охирги хабар икки йилдан кўпроқ вақт олдин қолдирилган. 2020 йил апрель ойида у ўз таржимаи ҳоли ёзилган китоб ҳақида гапирганди.
Янги пост минглаб шарҳлар ва лайкларни тўплади. “Челси” мухлислари немис футболчисига жамоадаги ушбу 19 ой учун миннатдорчилик билдиришди. Билдирилган фикр ва изоҳларда ҳам истеъфо нақадар кутилмаган бўлганини кўрамиз.
Аммо баёнотдаги энг қизиқ нарса қарорни Тухел самимий қабул қилганидир. У ходимлар, футболчилар ва мухлисларга алоҳида раҳмат айтган.
Мураббий клуб раҳбарияти ҳақида ҳеч қандай фикр билдирмаган. Сабаби, раҳбариятни танқид қилгани учун жаримага тортилиши мумкин. Ҳозирча унинг шартномаси расман бекор қилинмаган, бу эса Тухелга клубдаги ички тафсилотларни ошкор қилиш ҳуқуқини бермайди.








