Ҳоланд Мессининг рекордини янгилай оладими?
Футболчи айни дамда Премьер-лигада кетма-кет голлар уриб келмоқда.

Англиянинг “Манчестер Сити” клуби кетма-кет мамлакат чемпионлиги билан бирга Европа чемпионлар лигаси ғолиблиги учун ҳам аоссий давогарлардан бири бўлиб келмоқда. Бу мавсум аввалида жамоа ҳужум чизиғини етарли даражада кучайтиришга эришди. Буни Эрлинг Ҳоланд мисолида айтишимиз мумкин. Сабаби, футболчи мавсум бошланганидан бери ўзининг тўпурарлик қобилятини намойиш этиб келмоқда.
Норвегиялик футболчи чемпионатдаги 6 та ўйинда 10 та гол уришга эришди. Ҳужумчи Премьер-лиганинг 14 та жамоаси урган голлардан ҳам кўп гол уришга муваффақ бўлди. Хўш, Ҳоланднинг бу даражадаги ўйинларда кетма-кет голлар уришига, ҳужумдаги фаолиятига асосий сабаб нима? Бу йиллар давомида қилинган меҳнат билан боғлиқми ёки кўпроқ бунда иқтидор талаб этиладими?
Англия терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси, 1986 йилги жаҳон чемпионатининг “Олтин бутсаси” совриндори Гари Линекер голни сезиш туйғуси туғма маҳорат бўлиши шарт эмас ва уни ўрганиш мумкинлигини айтади.
“Ҳужумда ҳамма нарсани ҳисоблаш мумкин. Жамоанинг қандай ўйнашини, тўп жарима майдончасига қаерда етказилишини тушуниш муҳим ва агар сиз ушбу динамикага мослашсангиз, эртами-кечми яхши ҳужумчи бўла оласиз”.
Бир неча мавсум олдин “Манчестер Сити”нинг асосий голлари одатда чап қанотдан киритиларди. Бу қанотда Александр Зинченко, Давид Силва, Кайл Уокер ва Серхио Агуэро фаоллик кўрсатарди.
“Менга баскетбол ўйинидаги ҳолат ёқади. Сабаби ўйинчилар уч сониялик зонада тўпни кутишмайди, балки доимий ҳаракатда бўлишади. Бу эса ҳимоячилар учун бўш нуқталарни яратади. Шу боис, мен ҳар доим ўйинчиларга бўш жой қидириб, бўш жой яратишни, жарима майдончаси ичида тўпни кутмасликни айтаман”, — деган Хосеп Гвардиола.
Кечаги бўлиб ўтган ўйинда “Сити” ҳам асосан чап қанотдан ҳужумлар уюштириб, рақиб ҳимояси атрофида бир қанча ҳужумлар уюштирди. “Сити” ўтган йили Жек Греалиш билан шартнома имзолаши билан ҳужумда яна бир кучга эга бўлганди. Инглиз футболчиси тўпни ушлаб туриш ва бир вақтнинг ўзида бир нечта рақибни алдаб ҳужумга ўтиш қобилиятига эга. “Сити” ўтган мавсумда Бернардодан тўққизлик футболчиси сифатида фойдаланди.
Жамоа қанчалик ҳужумкор ўйин кўрсатишига қарамай, Чемпионлар лигасида бир қанча имкониятларни қўлдан бой берди. Ҳоланд ҳужумда ҳар қандай муаммони ёпишга қодир бўлган футболчига айланди.
Ҳоланд агар жарима майдончаси ташқарисидан зарба берадиган бўлса, у доим дарвозага аниқ боради. У ажойиб маҳоратли футболчи. Гвардиола ҳужумчининг ўйинига қойил қолмоқда. Фил Фоден ҳам худди шундай хусусиятга эга, аммо Эрлинг жамоага келиши катта ютуқ бўлди. Ҳужумдаги барқарорлик норвегияликга 1991–1992 йилги мавсумда “Нюкасл” ҳужумчиси Мик Куиннинг рекордини такрорлашга ёрдам берди. У ҳам Англия чемпионатининг дастлабки олтита ўйинида 10 та гол урган. Эрлинг Гвардиолага “Барселона”дан кетганидан кейин биринчи марта еврокубокларда ғолиб бўлишига катта ёрдам бериши мумкин.
Норвегиялик футболчи ҳақида АПЛ тарихидаги энг яхши тўпурар Алан Ширер шундай дейди:
“У деярли ҳеч қандай заиф томонлари йўқ фантастик ўйинчи. Эрлинг асосан гол уриш инстинкти учун мақтовга сазовор. Бироқ у бошқа жиҳатлари билан таҳсинга лойиқ. Менга айниқса унинг қарши ҳужумлардаги ўйини ёқади. Ақлбовар қилмайдиган тезликка эга ҳужумчи ҳимоячилардан осонлик билан ўтиб кетади”.
Ширернинг сўзларини нафақат Ҳоланднинг мавсумни ажойиб бошлагани, балки 22 ёшли форварднинг фаолиятидаги ажойиб гол уриш маҳорати ҳам тасдиқлайди. Ўтган мавсумда у 100 та гол маррасини забт этди. Бунинг учун норвегияликка 146 та ўйин керак бўлди. “Олтин тўп” учун рақиб бўлган Килиан Мбаппе 180 та ўйинда, Лионел Месси 200 ўйинда, Криштиану Роналду қанот ҳужумчиси сифатида 301 ўйинда бу натижани қайд этган.
Ўн йил олдин, Лео Ла Лигада 50 та тўп уриб, рекорд ўрнатган эди. Ҳозирча Роналду бу натижага бироз яқинлашди.
Ҳоланднинг ҳозирги натижалари ушбу рекордни нишонга олишга имконини беради. Эрлинг ҳар қандай рекордни такрорлай олишини исботламоқда. Уни тўхтата оладиган ягона нарса бу — жароҳат. Дортмунднинг “Боруссия”сида икки мавсум давомида ҳужумчи жароҳати туфайли 26 та ўйинни ўтказиб юборди.








