Куртуа “Шахтёр”га қарши баҳсда майдонга тушмайди
У жароҳатидан ҳали қутилмаган.

Мадриднинг “Реал” клуби дарвозабони Тибо Куртуа Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи 3-туридан ўрин олган “Шахтёр” билан уй учрашувида иштирок этмайди. Бу ҳақда Мадрид клубининг расмий сайти хабар қилди.
“Реал Мадрид” томонидан эълон қилинган ўйин учун аризада учта дарвозабон бор - Андрей Лунин, Луис Лопес ва Лукас Канизарес.
Аввалроқ Куртуа белидаги муаммо туфайли номалум муддатга сафдан чиққани хабар қилинганди. 2-октябрь, якшанба куни у Испания чемпионатининг 7-туридан ўрин олган “Осасуна” билан ўйинда иштирок этмади. “Реал” дарвозасини украиналик Андрей Лунин ҳимоя қилди. Мадридликлар очко йўқотди. Ўйин эса 1:1 ҳисобида якунланди.
Куртуа жорий мавсумда “Реал” сафида барча турнирларда 9 та ўйинда майдонга тушди. “Айнтрахт Франкфурт” билан UEFА Суперкубогида, шунингдек, Чемпионлар Лигасининг иккита ўйинида – “Селтик” ва “РБ Лейпциг” билан баҳсда у ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.







