Инвестиция лойиҳаларига сармоя киритганлар Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиниши мумкин
Сармоянинг энг кам миқдори қанча бўлиши керак?

Инвестиция лойиҳаларига сармоя киритган хорижликлар Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиниши мумкин. Бу бўйича Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Қонун лойиҳасида катта ҳажмда тўғридан-тўғри инвестиция киритган хорижий сармоядорларга Ўзбекистон фуқаролигини соддалаштирилган тартибда бериш назарда тутилмоқда.
Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишнинг соддалаштирилган тартиби чет давлат фуқароси бўлган ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан мамлакатда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларига камида 1 млн доллар эквивалентида сармоя киритган жисмоний шахсга ёхуд таниқли олим, спортчи, маданият ва санъат арбобига нисбатан татбиқ этилади.
Қайд этилишича, Қонунда таклиф этилаётган янги норма давлатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, республика инвестиция муҳитида бўлаётган ижобий ўзгаришларга халқаро ишбилармонлар ҳамжамиятининг эътиборини жалб қилиш ва халқаро майдонда мамлакат нуфузини кенгайтиришга хизмат қилади.







