“Сиз саккизинчи одамсиз...” — спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизматида асаби таранглар ишлайдими?
Zamon.uz терма жамоа ўйинида кетган ноқонуний реклама юзасидан масъулларга боғланди, аммо...

Кеча Тошкентдаги “Пахтакор” стадионида футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Россияга қарши баҳс олиб борди. Учрашув 0:0 ҳисобидаги натижа билан якун топди.
Ўйин давомида букмекерлик компанияси рекламаси намойиш этилди. Бу орқали жонли эфирда ўйинни кузатаётган миллионлаб аудиторияга ҳам қимор рекламаси тарғибот қилинди (расмда тарғибот бўлиб қолмаслиги учун рекламанинг айрим қисмлари ўчирилганди). Табиийки, бу ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан бирор масъул ташкилот ҳозирга қадар лом-лим демади. Олти соат давомида изланишларимиз натижаси ўлароқ (масъул ташкилотлар телефон рақамларини кўтармади, кўтарганлари ҳам бошқа манзилга тушганимизни айтишди), Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати билан боғландик. Салом-аликдан сўнг, мақсадга ўтдим. Ўзининг Беҳруз Хурсанов деб таништирган масъул ходимнинг кайфиятида кескин ўзгариш пайдо бўлди: “Сиз саккизинчи одамсиз, нимага энди “Пахтакор” стадиони, Футбол ассоциацияси ёки бошқа ташкилот эмас, вазирлик жавоб бериши керак. Сиз мен айтган ташкилотларга телефон қилинг изоҳ сўранг, агар беришмаса мен айтаман, беришади”, дея гапимизни охиригача ҳам тинглай, қатор ташкилотларни санаб кетди...
Шундан сўнг, “Пахтакор” стадиони билан боғланишга уриндик. Бироқ сайтда ёзиб қўйилган телефон рақамга қўнғироқ қилганимизда бошқа жойга тушганимизни айтишди. Кейин эса, Футбол ассоциацияга телефон қилдик. Улар айни дамда матбуот хизматида ушбу масала юзасидан изоҳ берадиган масъул айни пайтда ишхонада йўқлигини маълум қилишди.
Аслида, «Реклама тўғрисидаги» қонуннинг 46-моддасига кўра, қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар, шу жумладан, телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда ташкил этиладиган қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар рекламасига йўл қўйилмайди. Бироқ кеча кимдир билиб-билмай қонунни бузди. бунга муносабатга келганда эса отангга бор, онангга бор қабилида иш тутилмоқда.







