Навоий вилоятига ҳокимлигига номзод тавсия этилди
Айни дақиқаларда Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилаётган йиғилишда вилоятдаги ишсиз ёшлар ва ёрдамга муҳтож аёлларни касбга ўқитиш, бандлигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Вилоят иқтисодиёти фақатгина йирик корхоналарга қараб қолмаслиги кераклиги таъкидланди. Тадбиркорликни кўпроқ ривожлантириш, бўш ётган ер участкаларидан самарали фойдаланиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Навоийда саноатни янада ривожлантириш учун жуда катта захира ва имкониятлар бўлгани билан, улар тўлиқ ишга солинмаётгани қайд этилди.
Қишлоқ хўжалигида мавжуд салоҳият тўлиқ ишга солинмаётгани кўрсатиб ўтилди. Навоий ҳудудида 8,5 миллион гектар яйловлар бўлгани билан қўйчилик ва қоракўлчилик вилоятнинг драйверига айлангани йўқ.
Ижтимоий соҳада ҳам аҳолини қийнаётган масалалар етарли. Биргина “Ташаббусли бюджет” доирасида 326 та маҳалла томонидан 2 минг 346 та энг долзарб муаммо кўтарилган.
Сессияда Навоий вилоятига ҳоким тайинлаш бўйича ташкилий масала кўриб чиқилмоқда.
Президент вилоят фаолларининг билдирган фикрлари асосида Навоий вилояти ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини бажариб келаётган Нормат Турсунов Тўлқунович номзодини тавсия этди.
Номзоднинг ҳудудни жадал ривожлантириш, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича режаларини эшитиш таклиф қилинди.
Номзод вилоятда тадбиркорлик ва хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича режаларини айтди.
Тадбиркорликни ривожлантириш орқали келгуси йилда 122 мингта иш ўрни яратиш имкони бор.
Шулардан келиб чиқиб, Президент мутасаддиларга:
- келгуси йилда 26 та маҳаллий саноат маркази ва кичик саноат зоналарини ташкил этиш;
- оилавий тадбиркорлик дастурлари учун қўшимча 100 миллиард сўм, келгуси йилда 600 миллиард сўм йўналтириш;
- Нурота, Хатирчи ва Навбаҳордаги бўш биноларда моно-марказ ташкил этиб, камида 5 минг ёшларни замонавий касбларга ўқитиш;
- М-37 магистрал йўлида 3,5 мингта сервис объектларини ишга тушириш;
- Карманадаги Мавлоно Ориф Дег-Гароний мажмуасини таъмирлашга 15 миллиард сўм ажратиш;
- 20 та туризм маҳалласида инфратузилмани яхшилаш бўйича 50 миллиард сўмлик лойиҳани 2023 йил давлат дастурига киритишга топшириқ берди.







