Ҳаммаси ҳал бўлди
Роналду энди Саудия Арабистони клубида ўйнайди.

Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду яқин кунларда Саудия Арабистонининг “Ал-Насср” футбол клуби билан шартнома имзолайди. Бу ҳақда журналист Николо Шира ўзининг twitter саҳифасида маълум қилди.
Манбага кўра, португалиялик футболчи билан шартнома 2,5 йилга имзоланади ва рекламадан тушган даромадни ҳисобга олган ҳолда мавсумига тахминан 200 миллион евро маош олади. Шу тариқа, Роналду Саудия клубида тахминан 500 миллион евро ишлаб олади.
“Ал-Насср” Роналду учун “Ал-Ҳилол” ва Европа клубларига қарши курашда ғалаба қозонди. 37 ёшли португалиялик ҳужумчи Европа клубларидан бир қанча расмий таклифларни кутганди, бироқ бу амалга ошмади.
Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойида “Манчестер Юнайтед” ҳужумчи билан шартномани бекор қилганди.







