Россия аэродромларига ҳужумлар қуролли можаронинг бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин
Украина қуролли кучлари 5-6 декабрь кунлари Россия ичкарисидаги аэродромларга учувчисиз қурилмалар ёрдамида ҳужум қилди.

Украина қуролли кучлари 5-6 декабрь кунлари Россия ичкарисидаги аэродромларга учувчисиз қурилмалар ёрдамида ҳужум қилди. Ҳужумлар катта талафотларга олиб келгани йўқ: Maxar компанияси томонидан олинган сунъий йўлдош тасвирларида 5 декабрда Саратов ва Рязаньдаги аэродромларида дронлар аниқ нишонга бориб тегмаганини кўриш мумкин: улар бомбардимончи самолётларга урилмаган.
Шундай бўлса-да, 2 та самолёт кичик талафотга учради. Бунга жaвобан Россия ҳарбий-космик кучлари ушбу ҳодисадан бир неча соат ўтиб, ўнлаб бомбардимончи учоқларда украин шағарларига қанотли ракеталар билан зарба берди. Аммо 6 декабрда украиналиклар яна бир дрон ёрдамида Курск аэродромига ҳужум қилди. Бундан ташқари, кеча Қримдаги Бельбекда ҳам учувчисиз қурилма уриб туширилгани хабар қилинди. Бу каби зарбалар урушда бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин: Киев ўз қанотли ракетларини ҳам ишга солди ва тез орада Москванинг инфратузилмани йўқ қилиш монополияснидан маҳрум қилиши мумкин.
Украина армияси қандай дронлардан фойдаланди?
The New York Times газетасининг Украина қуролли кучларидаги манбаси дронлар бевосита мамлакат ичидан учирилганини айтган. Энг узоқда жойлашган марра — Саратов вилоятидаги Энгельс аэродромигагача учувчисиз қурилма учирилган Харьковдан бўлган масофа 630 километрни ташкил этади.
РФ мудофаа вазирлиги ҳужумларда совет даврида ишлаб чиқарилган реактив учувчисиз учоқлардан фойдаланилганини таъкидлаган. Бу Энгельса камера тасвиларига тушиб қолган овозлар билан тасдиқланган, портлашдан сал аввал реактив двигателнинг овози эшитилган.
Совет даврида ишлаб чиқарилган реактив двигателли дронлардан фақатгина Ту-141 «Стриж»: 600 километрдан узоққа учади. Бу қурилма душманнинг орқа тарафини оператив разведка қилиш мақсадида 1970–йилларда ишлаб чиқилган. У товуш тезлигига яқин тезликда минг километр масофага учиши мумкин. Замонавий ўлчовларда машина катта ҳажмли: унинг узунлиги 15 метр, вазни беш тоннадан ортиқ.
90 йилларга келиб «Стриж» эскирди: 2 километр баландликда суратга олаётганда у ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари учун осон нишонга айланди. Ўша пайтдан бери у РФ ва Украина армияларида зенит тизимлари учун нишон сифатида ишлатиб келинаётган эди. Бундан ташқари, дроннинг сенсорлари ҳам эскирган. Аммо 2017 йилдан буён украин армияси ундан қайта фойдалана бошлади ва Донбассда разведка мақсадларида ишлатилди.
2022 йилнинг октябрида Киев ўз дронларини ишлаб чиқаришни бошлашини ва у 75 килограммли жанговар қисм билан минг километр масофага уча олишини эълон қилди. 4 декабрь, аэродромларга ҳужум арафасида унинг синов босқичлари якуний паллада эканлиги маълум қилинди. Гап бу ерда Ту-141’нинг чуқурлаштирилган модернизацияси ҳақида кетаётган бўлиши мумкин. Бунинг учун мамлакатда ишлаб чиқариш ва муҳандислик базаси бор: “Стриж” Собиқ Иттифоқ пайтида Харьков авиация заводида ишлаб чиқарилган.
Очиқ маълумотларга кўра, ушбу қурилма йўналишнинг маълум қисмини 50 метр баландликда учиб ўтиши мумкин. бу ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими ишини оғирлаштиради: объектнинг баландлиги қанча паст бўлса, унинг аниқланиши ва уриб туширилиши эҳтимоли ҳам шунча пасаяди.
«Стриж» базавий кўринишида зарба бериш имкониятига эга эмас. Аммо Киев бу функциянинг қўшилишига ҳаракат қилди: урушнинг дастлабки даврида Хорватия пойтахтигa Винницадан учирилган Ту-141 қулаган эди. Унда сапёрлар 120 килограмм портловчи модда зарядини аниқлаган эди.
Зарбалар Украина Россиянинг ички ҳудудларига мунтазам зарба беришни бошлашини англатадими?
Назарий жиҳатдан бу каби реактив камикадзе-дронлар қанотли ракеталарнинг аналоги саналади (жанговар қисмга эга «Стриж» амалда қанотли ракетанинг ўзи).
Аммо Ту-141 қандай модернизациядан ўтгани номаълум; дронларнинг аниқ “Стриж” эканлиги ҳам номаълум. Агар унинг асоси ҳақиқатдан ҳам ушбу қурилма бўлса, 80-йилларда Харьковдаги заводда 150 дона шу типлаги техника ишлаб чиқарилганини қайд этиш лозим. Шу омил инобатга олинса, Украинада уруш шароитида камикадзе-дронларнинг кенг қамровли ишлаб чиқаришда муаммолар юзага келиши мумкин.
Ҳужумлар самарали бўлиши учун ўнлаб учувчисиз учоқлар бир вақтнинг ўзида зарба бериши керак (бу ҳаво ҳужмига қарши мудофаа тизимларини ҳам “тўйдиради”: уларда барча нишонларни уриб тушириш имкони йўқ). Россия Украина инфратузимасига зарба беришда айнан шу тактикадан фойдаланмоқда.
Бундан ташқари, қуролнинг барча эҳтиёт қисмлари Украинанинг ўзида ишлаб чиқарилмаган. Шу билан бирга муҳим компонентларни мамлакатнинг ўзида ҳам яратиш мумкин; қолган деталларни хориждан сотиб олса бўлади; Киев Москвадан фарқли ўлароқ, мудофаа секторига қарши қаратилган санкциялар остида эмас.
Аммо биринчи зарбалар қатор саволларни келтириб чиқарди. Ҳозирча украин дронларининг аниқлилиги ҳақида тўлиқ хулосалар йўқ. 5 декабрда улар бирорта самолётни йўқ қила олмади. РФ мудофаа вазирлиги улар ҳво ҳужумига қарши тизимлар ёрдамида уриб туширилганини айтган, саомлётлар устига эса фақат дрон парчалари тушганбўлиши мумкин.
Нима бўлган тақдирда ҳам бу қурилмалар Киев бир неча ойдан буён Ғарбдан сўраётган ATACMS ракеталари ўрини боса олмайди. Бу ракеталарни етказиб беришга АҚШ рози бўлмади. Вашингтон Украинанинг Россия ичкарисига зарба беришидан хавотирда эканини тан олган. Бу эскалациянинг кенгайишига олиб келиши мумкин. ATACMS ўта юқори аниқликка эга, унинг жанговар қисми 560 килограммни ташкил этади.
Украина ҳамон бу каби тизимларни қўлга киритиш фикридан воз кечмаган. Масалан, тез орада украиналикларда Эроннинг Shahed-136 дронларининг аналоги пайдо бўлиши эҳтимоли бор — уни ишлаб чиқариш учун мамлакатда техник имконият мавжуд. Бу каби учувчисиз қурилмалар реактив дронларга қараганда арзон ва оммавий зарба бериш учун қулай.
Зарбалар Россияга жиддий зара етказмаса-да, Кремлни уларни олдини олиш учун кўпроқ ресурс жалб этишга мажбур қилади: рус армияси ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари билан нафақат фронт чизиғини, балки мамлакат ичкарисини ҳам ҳимоя қилишни кучайтиради. Москва Украинани ҳам шунга мажбур қилмоқчи эди. Эндиликда Киев кичик масштабда бўлса-да, бунга жавоб қайтара олади.








