Флик лавозимидан кетмайди
У Германияни бошқаришда давом этади.

Германия терма жамоаси бош мураббийи Ханс-Дитер Флик Қатарда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатидан чиқиб кетганидан кейин терма жамоадаги фаолиятини давом эттиради.
Германия терма жамоаси бош мураббийи Германия футбол ассоциацияси (ДФБ) саммитида президент Бернд Ноендорф ва вице-президент Ханс-Ёахим Ватске билан учрашди. ДФБ расмий сайтида айтилишича, улар Германия терма жамоасининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари ҳақида дўстона ва конструктив суҳбат ўтказган.
Эслатиб ўтамиз, Қатардаги жаҳон чемпионатида Германия терма жамоаси Япония, Испания ва Коста-Рика билан гуруҳда учинчи ўринни эгаллаб, плей-оффга чиқа олмади.







