Ўзбекистон дипломатлари Новосибирск аэропортида қолиб кетган фуқароларга ёрдам беришди
Бу ҳақда Бош консулхона ишонч телефонига хабар келиб тушган.

Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси ишонч телефонига “Толмачево” халқаро аэропортида 160 нафардан зиёд фуқаролар тўпланиб қолгани ва улар амалий ёрдамга муҳтожлиги тўғрисида хабар келиб тушди.
Бош консулхона ходимлари “Толмачево” аэропортига етиб бориб, Ўзбекистон фуқаролари билан учрашиб, вазият ҳақида тўлиқ маълумот олди.
Маълум бўлишича, “S7 Airlines” авиакомпанияси томонидан 13 декабрь куни “Новосибирск-Наманган” йўналиши бўйича режалаштирилган парвоз ноқулай об-ҳаво шароити сабабли вақтинча бекор қилинган.
Бош консулхона Новосибирск вилояти Транспорт прокуратураси, “S7 Airlines” авиакомпанияси, “Толмачево” аэропорти раҳбарияти билан мулоқот олиб бориб, қолдирилган парвозни тезкор тарзда тиклаш чораси кўрилди. Хусусан, ФВВ, “Наманган” халқаро аэропорти вакилларидан парвозни амалга оширишга рухсат берувчи зарур маълумотлар тақдим этилишига кўмаклашилди.
Кўрилган саъй-ҳаракатлар натижасида “Новосибирск-Наманган” йўналиши бўйича авиапарвоз тикланиб, 160 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди.







