АҚШ Гутерришни Россияга ён беришда айблади
Вашингтон БМТнинг Украинага Эрон дронлари бўйича махсус гуруҳ юбормаганидан норози.

АҚШ БМТ Бош котибини Россия таҳдидларига ён беришда айблади. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.
Ушбу айблов ташкилотнинг Украинада Эрон дронлари рус армияси томонидан фойдаланилаётгани бўйича текширув ўтказмаганлиги ортидан янгради.
“БМТнинг ушбу қонун бузилишлари билан боғлиқ суриштирувлар ўтказиш бўйича ҳеч қандай қадамларни ташламаганидан афсусдамиз. Котибиятнинг Россия таҳдидларига кўниб, ўз мандатидан фойдаланмаганидан ҳафсаламиз пир бўлди”, – деган АҚШнинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Робин Вуд 19 декабрда бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида.
Бир қатор давлатлар БМТни Киевга суриштирув ўтказувчи гуруҳ жўнатишни сўраганди. Ғарб ва Украина Россияни Эрон дронларидан фойдаланишда айбламоқда.
Ўз навбатида, РФ ва Эрон бу айбловларни рад этиб келмоқда.







