“Одамларнинг парламентга бўлган қилча умид, ишончи сўняпти”
Расул Кушербаевнинг депутатлик мандатини топширгани журналист, блогер ва кенг жамоатчилик муҳокамасида.

Аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Телеграм каналида депутатлик мандатини топшираётгани ҳақида хабар бергандик.
Zamon.uz айни дамда ижтимоий тармоқлар орқали кенг муҳокама қилинаётган мавзу юзасидан журналист, блогер ва жамоатчилик фикрини бир нуқтага жамлади.
Шаҳноза Соатова, Адлия вазирининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси, блогер:
— Расул Кушербаев депутатлик фаолиятини якунлаши ҳақида эълон қилди. Ушбу эълон контексти жуда пессемистик бўлиб, афсус туйдим. Гарчи қарор сабаби аниқ айтилмаган бўлса ҳам, “бундай ишлай олмас эканман”, “шунга мажбур бўлганимдан афсусдаман” деган ифодалар Қонунчилик палатасида нимадир бўлгани ва Расул ундан норозилиги англашилади. Шуҳрат Латипов вазиятни 2023 йил бюджет муҳокамаси ҳақида Кушербоев твиттерда қолдирган твити билан боғламоқда.
Расул билан бир қанча масалаларда баҳсларимиз бор. Бироқ уни жонли ва жонкуяр депутат деб биламан. Умид қиламанки, вазият тез орада ижобий ечим топади.
Ҳамид Содиқ, ҳуқуқшунос:
— 36 миллионли халқ биттагина мандат берганди. Уят эмасми!?
Баҳодир Аҳмедов, блогер:
— Депутатнинг маълум қилишича, депутатга 2023 йил Бюджети лойиҳаси муҳокамасида У. Иноятов томонидан сўз ҳам берилмаган. Мамлакатнинг бир йиллик тақдирини белгилайдиган бундай муҳим ҳужжат пала-партиш қабул қилиниши одамни хавотирга солади дўстлар.
Бизда парламент борми ўзи? Булар нимага ўтирибди юқорида. Нега бизнинг вакилларимиз деган номни кўтариб юрувчилар миллиард-миллиард долларлик пулларимизни устимиздан кулгандек қилиб тақсимлашади? Ҳақиқий депутат деб биладиганларимизга сўз ҳам беришмайди.
Иноятов ишдан кетиши, ўзи умуман бу парламент тарқатиб юборилиши лозим, шарт.
Депутат бу ўзининг сайлов округидаги сайловчи фуқароларнинг вакиллигини амалга оширади. Унинг сўзлари фақатгина ўзининг сўзлари эмас. Бу ўша жойдаги фуқароларнинг ҳам айтадиган гапларидир. Шу сабабли депутатга сўз бермасликка ҳеч кимни ҳаққи йўқ.
Азиза Қурбонова, журналист:
— Ўзи яхши кўрадиган халқ учун, уни сайлаган одамлар учун системада туриб курашиш қийин, аммо фойдали, майдонни бошқаларга қулай қилиб ташлаб кетиш осон ва бу ҳаракатдан одамларга фойда бўлиши даргумон.
Системани букилмас шахсиятлар тўғрилайди.
Хуршид Далиев, блогер:
— Яқиндан танисангиз, Расул Кушербаевнинг депутатлик фаолиятини тугатишига йўл қўймаслик керак. Ўзи депутатлар ичида мен билган жонкуяр, фидойи, ватанпарвар, халқчил депутат бу Кушербаев. Шундай қарор қилишга мажбур қилган спикер ўринбосари У.Иноятов нотўғри иш қилипти. Биз Расул Кушербаевни қўллаб-қувватлаймиз.
Олимжон Ўсаров, Журналистлар ижодий уюшмаси раиси:
— Журналист, депутат ҳамфикр ҳамкоримиз Расул Кушербаев Олий Мажлис депутатлик мандатини топширмоқчи эканини маълум қилди...
...Сал аввалроқ унга фикр билдириш учун сўз берилмаганини айтган эди. Нафақат журналист ёки депутат, балки оддий фуқарога ҳам фикр билдиришни чегаралаш — жиноят. Афсус...
Отабек Ортиқов, блогер:
— Расул Кушербаев билан яхши илиқ муносабатдаман. Жуда самимий ва халқпарвар шахс. Депутатликдан нега кетмоқчи экани сабаблари ҳақида сўрамадим, аммо Расул акани қарорларини ҳар қандай ҳолатда қўллаб-қувватлайман. Шунчаки Расул ака кетса бу катта йўқотиш бўлишидан хафаман. Расул ака биз сиз билан! Халқпарвар ва адолатлилар юртга керак, амалдорларга эмас. Буни Расул ака мисолида кўрдик.
Илёс Сафаров, Kun.uz мухбири:
— Суратда унинг икки кун аввалги бюджет лойиҳаси муҳокамаси қандай ўтгани ҳақида ёзган пости. Кушербаев шахсан мен парламентда шаффоф сайловлар орқали келиб ўтирганига ишонадиган икки депутатдан бири эди. Афсус, одамларнинг парламентга бўлган қилча умид, ишончини ҳам сўндиришяпти. Кушербаевга сўз бермаслик Иноятовнинг шахсий ташаббуси эмас. Бу каби ишларга унинг кучи, тафаккури va журъати етмайди. Бу аниқ. Бу ишлар кучлироқ эсаётган va ўта зарарли шамолнинг натижаси (қани бундан ортиқча гап гапиролсам). Демоқчиманки, сабаблар ҳақида ўйлаётганда Иноятов омилини рўйхатингиздан чиқариб ташлайверинг.
— Баъзилар менга ҳам депутат бўлишни ёзишади. Бўлмайман. Бўлолмайман. Бу тизимда соғ одам ишлаши қийин. Соғни ё касал қилади, ё сиғдирмайди.







