Қашқадарёда сохта авиачипта сотувчи шахс ушланди
У Telegram орқали фуқароларни чув туширган.

Қашқдарё вилоятининг Касби туманида сохта авиачипталар билан савдо қилувчи шахш ушланди. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар берди.
Қайд этилишича, Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Ё.М. ариза билан мурожаат қилиб, унинг ўғли Россия Федерациясига мавсумий ишчи бўлиб кетмоқчи эканлиги, аммо Телеграм мессенжерида номаълум шахс унга онлайн авиачипта олиб беришига ишонтириб, 3.500.000 сўм пулларини банк картасига ўтказиб олганидан сўнг номаълум тарзда ғойиб бўлганлигини билдириб, ушбу пулларни қайтариб олишда ва номаълум шахсга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида фирибгарлик йўли билан пулларни ўзлаштирган шахс Қашқадарё вилояти Касби туманида яшовчи 1997 йилда туғилган Ш.А. эканлиги аниқланган.
Ш.А. турли ижтимоий тармоқларда онлайн авиачипта сарлавҳаси остида сохта эълонлар жойлаштириб, фирибгарлик йўли билан фуқароларнинг пулларини ўзлаштирганлиги маълум бўлган.
Ҳозирда Ш.А.га нисбатан ЎзР. ЖКнинг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








