Нархи кескин кўтарилган энг ёш футболчилар
Уларнинг айримлари Қатар-2022да ажойиб ўйинларни намойиш этишди.

Қатардаги сўнгги жаҳон чемпионати баъзи футболчиларнинг трансфер нархини сезиларли даражада оширди. Гап бир йил ичида бошқаларга қараганда нархи кескин ошган 10 нафар футболчи ҳақида кетмоқда. Хвича Кваратсхелия рўйхатда жаҳон чемпионатига чиқмаган ягона футболчи.
Дарвин Нунес (“Ливерпул”) + 38 миллион евро (ҳозирги нархи 70 миллион евро)
Ҳужумчи 2022 йилнинг биринчи ярмида яхши ўйин кўрсатди. Ўтган йили “Бенфика”ни тарк этган футболчи “Ливерпул” аъзосига айланди. Ҳозир уругвайлик футболчининг нархи 70 миллион еврони ташкил қилади, аммо ёзда “Ливерпул” унинг учун кўпроқ пул тўлаганди. Ўшанда “Бенфика” 80 миллион евро, яна 20 миллион евро бонуслар ҳам олганди. Баъзида Нунез яхши даражани намойиш этади, бироқ сўнги кунларда у танқидлар остида қолмоқда. 2022 йил охирида Дарвин ўзининг биринчи жаҳон чемпионатида иштирок этди. Бироқ, ҳужумчи биронта ўйинда гол уролмади.
Родриго (“Реал Мадрид”) + 40 миллион евро (80 миллион евро)
Ўтган йили “Реал Мадрид”нинг Чемпионлар лигасидаги ғалабасининг асосий сабабчиларидан бири икки баравар қимматлашди. Ўтган мавсум давомида Родриго тўққизта гол урган бўлса, бу сафар у 7 марта рақиблар дарвозасини ишғол қилди. Йил охирида бразилиялик футболчи жаҳон чемпионатига йўл олди. 9 январь куни Родриго ўзининг 22 ёшини нишонлайди ва унинг нархи вақт ўтиши билан ошиши мумкин. Айтганча, “Реал” футболчини 2019 йилнинг ёзида “Сантос”дан 45 миллион еврога сотиб олганди.
Хвича Кваратсхелия (“Наполи”) + 44 миллион евро (60 миллион евро)
Грузиялик футболчи 2019 йил бошида Россиянинг “Локомотив” клубига ўтганди. Ўшанда унинг трансфер нархи бор-йўғи 350 минг евро эди. Уч йилдан сўнг Хвич Батумининг “Динамо” жамоасига қўшилди. Бу вақтга келиб унинг нархи сезиларли даражада ошганди. Шундан сўнг ушбу кўрсаткич деярли тўрт баравар кўпайди ва барчаси 2022/2023 йилги мавсумнинг биринчи қисмидаги ажойиб ўйин туфайли содир бўлди. Кваратсхелия “Наполи” либосида 18 та ўйин ўтказиб, 8 та гол урди ва 10 та голли узатма муаллифига айланди. Маҳаллий мухлислар 21 ёшли футболчининг ўйинларини олқишлаб, унга “Қуарадона” каби турли тахаллусларни ўйлаб топишди.
Жамол Муциала (“Бавария”) + 45 миллион евро (100 миллион евро)
Иқтидорли немис футболчисининг карераси жуда тез ўсмоқда. Муциала атиги 19 ёшда. Унинг нархи аллақачон 100 миллион евродан ошган. Жорий мавсумда Жамол “Бавария” таркибида 22 та ўйин ўтказиб, 12 та гол урди ва 11 та голли узатмани амалга оширди. Ёш футболчи учун ажойиб рақамлар. Муциала Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатига ҳам йўл олди ва унинг жамоаси гуруҳ босқичи якунларига кўра мусобақадан чиқиб кетди. Балки, Германия терма жамоаси турнирда бироз муваффақиятли ўйнаганида, Муциаланинг нархи яна бир неча миллионга ошган бўларди.
Энсо Фернандес (Бенфика) + 50 миллион евро (55 миллион евро)
Бир йил олдин Фернандеснинг нархи бор-йўғи 5 миллион евро эди. Бироз вақт ўтгач, футболчи “Ривер Плейт”дан Бенфика клубига ўтди. Ўшанда португалияликлар футболчи учун 15 миллион евро тўлаганди. Хабарларга кўра, яқинда аргентиналик футболчи “Челси” сафига қўшилади. Фернандес жаҳон чемпиони ва турнирнинг энг яхши ёш ўйинчиси сифатида Лондонга кўчиб ўтади, “Челси” эса Энсо учун 130 миллион евро тўлаши кутилмоқда.
Энтони (“Манчестер Юнайтед”) + 50 миллион евро (75 миллион евро)
Ўтган ёзда “Аякс” Энтони трансферидан катта фойда кўрди. Улар уни 15,75 миллион еврога сотиб олишиб, “Манчестер Юнайтед”га 95 миллион еврога сотишди. Инглиз клуби унга ҳаддан ташқари кўп пул тўлади ва ҳозирча бразилиялик футболчи бу маблағни оқлади деб айтиш қийин. У жорий мавсумнинг 14 ўйинида учта гол уришга эришди, холос. Энтони жаҳон чемпионатида иштирок этди. Лекин у ерда асосан захирадан майдонга тушди. Натижада бразилиялик футболчи турнирни омадсиз якунлади.
Жошко Гвардиол (“РБ Лейпциг”) + 50 миллион евро (75 миллион евро)
Айрим экспертлар ЖЧ-2022 ярим финалидан кейин хорватиялик ҳимоячининг нархи ҳақида киноя билан гапиришди. Гвардиолнинг хатоси билан ўтказиб юборилган учинчи гол бунга сабаб бўлди. Шунга қарамай, Гвардиол Германия клубига кўчиб ўтганидан сўнг бир ярим йил ичида сезиларли ютуқларга эришди. Жошко аллақачон терма жамоа билан иккита йирик турнирда (Евро-2020 ва ЖЧ-2022) иштирок этди. Бу вақт ичида эса унинг нархи деярли 4 бараварга ошди.
Рафаэл Леау (“Милан”) + 50 млн евро (85 млн евро)
Португалиялик футболчи мавсумни ажойиб ўтказди. Бу мавсумда Леауда ажойиб статистика бор. У жамоаси сафида 21 та ўйин ўтказиб, 8 та гол урди ва 9 та голли узатмани амалга оширди. Футболчига Англиянинг топ-клубларидан қизиқиш бўлаётгани ҳақидаги маълумотлар матбуотда мунтазам равишда чоп этилмоқда. Аммо футболчи Италия жамоасини тарк этишни хоҳламаяпти. Бундан ташқари, “Милан” Рафаэл билан маошини ошириш билан янги шартнома имзолашни режалаштирмоқда. ЖЧ-2022да Леау бешта ўйинда атиги 83 дақиқа ўйнади, аммо иккита гол урди.
Аурелиен Тчуамени (“Реал Мадрид”) + 50 миллион евро (90 миллион евро)
Уч йил олдин Тчуамени “Бордо”дан “Монако” клубига ўтганди. Унинг ўша пайтдаги нархи 14 миллион евро эди. 2022 йилнинг ёзида “Реал” ярим ҳимоячини 80 миллион еврога. Йил охирида 22 ёшли француз футболчиси терма жамоасининг асосий ўйинчиси сифатида жаҳон чемпионатига йўл олди. Натижада турнирда кумуш медални қўлга киритди.
Гави (“Барселона”) + 50 миллион евро (90 миллион евро)
Бу футболчи эндигина 18 ёшга тўлди. Унинг трансфер нархи 100 миллион еврога яқинлашмоқда. “Барселона” бош мураббийи Хави ярим ҳимоячининг ўйинини юқори баҳолайди. Гави фаолиятидаги илк жаҳон чемпионати жамоаси билан муваффақиятли иштирок этолмади. Ярим ҳимоячининг ўзи турнирдаги барча ўйинларда майдонга тушди. Шу билан бирга, Гави Испания терма жамоаси сафида жаҳон чемпионатларида ўйнаган энг ёш футболчига айланди.







