Ван Бастен Мессини энг кучли уч ўйинчи қаторига киритмади
У бунинг сабабини айтди.

“Аякс”, “Милан” ва Голландия терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Марко ван Бастен “ПСЖ” ва Аргентина терма жамоасининг афсонавий ҳужумчиси Лионел Мессини футбол тарихидаги энг яхши 3 нафар футболчи қаторига киритмасликка қарор қилди.
“Пеле, Марадона ва Кройфф футбол тарихидаги энг яхши уч ўйинчидир. Лекин мен Криштиану Роналду, Платини ёки Зиданни ҳам унутмайман. Месси ҳам ажойиб ўйинчи, лекин Марадона ҳар доим жамоада кўпроқ таъсирга, харизмага эга бўлган. Мессида бундай характер йўқ”, — дея Ван Бастеннинг сўзларидан “France Football” нашри иқтибос келтирди.
35 ёшли ҳужумчи Қатардаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққанидан сўнг ватани Аргентинада таътилга чиққан эди. Месси 4 январь, чоршанба куни “ПСЖ” сафига қўшилди.







