Соледар ва Бахмутнинг сунъий йўлдошдан олинган тасвирлари эълон қилинди
Ушбу шаҳарлар Украинадаги фронтнинг энг “қайноқ” нуқталари бўлиб турибди. Соледар бир неча бор қўлдан-қўлга ўтгани айтилмоқда.

Maxar Technologies аэрокосмик компанияси Украинанинг Соледар ва Бахмут шаҳарларининг сунъий йўлдошдан олинган тасвирларини эълон қилди.
Тасвирларга кўра, Соледарда тураржойлар ва мактаб бинолари вайрон қилинган. Бахмутда эса йўл бўйи ва далаларда портлаш оқибатида улкан чуқурликлар пайдо бўлган.
Соледар ва Бахмут фронтнинг энг қайноқ нуқтаси бўлиб турибди. Таҳлилчиларнинг фикрича, ҳар икки шаҳар қўлдан-қўлга ўтишда давом этяпти.
Бундан олдин “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси эгаси Евгений Пригожин Соледар эгалланганини маълум қилганди. Аммо бу Украина қуролли кучлари томонидан инкор қилинди. Буюк Британия ҳарбий разведкаси ҳам шаҳарда жанглар давом этаётганини қайд этган.
Пригожин ўз навбатида Соледар конларидан бирида тушган суратларини эълон қилди. Аммо РФ мудофаа вазирлигининг кунлик брифингида шаҳар босиб олингани ҳақида ҳеч қандай маълумот келтирилмаган. Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларни расмий ахборотни кутишга чақирган.







