Nest One’нинг 9 нафар қурувчиси овқатдан заҳарланди
Қайд этилишича, ишчилар озиқ-овқат ташкилотларидан бири томонидан объектга етказиб бериладиган маҳсулотларни истеъмол қилган.

Тошкентдаги Nest One турар жой мажмуасини қуриш ишлари билан шуғулланаётган О.М.И. хорижий компаниясининг 9 нафар ходими ўткир ичак инфекцияси билан оғриб қолди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Қайд этилишича, қурувчилар озиқ-овқат ташкилотларидан бири томонидан объектга етказиб бериладиган маҳсулотларни истеъмол қилган.
Шайхонтоҳур тумани прокуратураси томонидан ўтказилган терговолди текширувлари давомида ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов давомида айбдор шахсларнинг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилади.
18 январь куни Санэпидхизмат Тошкентда фаолият кўрсатаётган қурилиш фирмасининг 20 нафар ишчисида овқатдан заҳарланиш ҳолати аниқланганини маълум қилганди. Қурилиш фирмасининг ишчилари тез тиббий ёрдам машинасида Республика ихтисослаштирилган эпидемиология микробиология ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази қабул бўлимига овқат токсикоинфекцияси шубҳаси билан олиб келинган.







