Бадавлат оилаларда вояга етган машҳур футболчилар
Улар нимага оталарининг бизнесларини давом эттирмаган?

Айрим юлдуз футболчиларнинг болалиги катта қийинчиликлар билан ўтганини, сабаби улар камбағал оилада туғилгани ҳақида жуда кўп эшитгансиз. Улар ушбу молиявий етишмовчиликларга қарамай, спортда катта муваффақиятга эришгани сизни ҳайратда қолдиргани, шубҳасиз. Уларнинг футболга бўлган муҳаббати жуда ҳам юқори эди. Биз қуйида бадавлат оилалаларда вояга етган жаҳоннинг энг машҳур футболчилари ҳақида сўз юритамиз. Улар ҳақида маълумотлар сизга қизиқ бўлиши аниқ.
Оливер Биерҳофф
Германия терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси, Евро-1996даги “олтин” гол муаллифи ўтган йилнинг декабрь ойига қадар терма жамоа раҳбариятида ишлади. Биерҳофф 18 йил давомида Германия терма жамоасини бошқарган. Оливер бошқа соҳада катта ҳурматга сазовор бўлган отасининг йўлидан бормайди. Футболчининг отаси Ролф Биерҳофф саноат компанияси бошқаруви аъзоси ва Европа электр саноати иттифоқи президенти эди. У ўғлининг футбол билан шуғулланишига рухсат берган. Ўзи ҳам бир вақтлар дарвозабон сифатида ўйнашга ҳаракат қилган.
Робин ван Перси
Голландия терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар отасининг хоҳиш-истакларини рўёбга чиқарганида балки, машҳур рассом бўларди. Чўтка ва бўёқлардан ўз иш қуроли сифатида фойдаланиши мумкин эди. Бироқ, Робин ўз йўлини футболга қараб буради. Профессионал фаолиятида эса у ота-онасини ҳайратда қолдирди. Футболчининг отаси таниқли ҳайкалтарош Боб ван Перси онаси эса таниқли рассом ва заргарлик буюмлари дизайнери Хосе Рас эди. Ван Перси болалигини Роттердамдаги рассомчилик муҳитида ўтказди. Аммо ҳаммаси бир текисда ўтмаган. Робин уч ёшида ота-онаси ажрашишади ва у отаси билан қолади.
Жанлука Виалли
Буюк италиялик ҳужумчи бир неча ҳафта олдин 58 ёшида бу дунёни тарк этди. Виалли ўзини футболга бағишлади, гарчи у ҳеч қандай камчиликларсиз яшаши мумкин эди. Футболчининг отаси қурилиш бизнесида миллионер эди. У Жанлука ва унинг тўрт ака-ука ва опа-сингилларини 60 хонали ҳақиқий қасрда тарбиялаган. Дарвоқе, Виалли доим “Ювентус”га интиларди. У пул ҳақида эмас, фақат футбол ҳақида ўйлади.
Марио Гётсе
2014 йилда Гётсе жаҳон чемпионатида Германия терма жамоасига ғалаба келтирган голга муаллифлик қилганди. Ажабланарлиси, бу ҳолатда немисларнинг йирик турнирдаги ғалабали голининг муаллифи бадавлат оилада ўсган футболчи бўлди. Унинг отаси Юрген Гётсе Ел ва Дортмунд университетларининг компьютер фанлари бўйича собиқ профессори, Германияда жуда яхши обрўга эга одам эди. Юрген Гётсе ўғлининг футболчи бўлиш истагини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Шу тариқа Марио мамлакат тарихига киради.
Кака
2007 йилда “Олтин тўп” соҳиби, “Реал Мадрид”, “Милан” ва Бразилия терма жамоасининг собиқ ярим ҳимоячисининг отаси Боску Лейте тажрибали қурилиш муҳандиси бўлган. Унинг оиласи ўзлари учун муҳташам уй сотиб оладиган даражада бой бўлмасада, улар жуда бадавлат эдилар. Агар Кака отасининг касбини танлаганида, футболсиз ҳам яхшигина пул ишлаб топган бўларди. Бироқ, Сан-Паулуга кўчиб ўтиш футболчига Бразилия топ-клуби академиясига киришига ёрдам берди ва Кака спорт туфайли миллионерга айланди.
Ллорис
Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати якунида Франция терма жамоасининг ўйинлар сони бўйича рекордчиси ва “уч ранглилар” сардори терма жамоадаги фаолиятини якунлади. Терма жамоа билан деярли барча чўққиларни забт этган Ллорис ўз фаолиятида ота-онаси каби муваффақиятли бўлиб чиқди. Дарвозабоннинг отаси Люк Монте-Карлода банкир, онаси Мария эса адвокат эди.
Киприан Мариcа
“Шахтёр”, “Штутгарт”, “Шалке” клубларининг собиқ ҳужумчиси ва Руминия терма жамоаси тарихидаги бешинчи тўпурар отаси туфайли болалик ва ўсмирлик чоғида хоҳлаган нарсасига эришган. Футболчининг отаси Мирча Марика қурилиш бизнесида жиддий бойлик орттирган йирик тадбиркор эди. Киприан супер юлдузга айланмаган бўлсада, яхши карерага эга бўлди.
Жерар Пике
Пикенинг ота-онаси мамлакатда жуда ҳурматли инсонлар. Унинг отаси адвокат ва ўзининг юридик фирмасига эга бўлган муваффақиятли бизнесмен. Онаси Барселонадаги умуртқали жароҳатларни даволашга ихтисослашган тиббиёт институти директори. Жерар ҳар қандай касбни танлаши мумкин эди, унинг учун барча эшиклар очиқ бўлган. Шунга қарамай, Пике бобоси Амадор Бернабеу олдига бориб, футболчи бўлмоқчи эканлигини айтган. Пикенинг бобоси ҳам футбол билан шуғулланган, “Барселона” вице-президенти лавозимида ишлаган. Шубҳасиз, оилада ҳеч ким Жерарнинг қароридан афсусланмади.
Андреа Пирло
Италиялик ажойиб ярим ҳимоячи, ҳозирда “Фотиҳ Карагюмрюк” клуби мураббийи. У отасининг ишини давом эттириб, футболдан ташқари бизнес билан шуғулланиши мумкин эди. Пирлонинг отаси Луиджи Пирло иккита металлургия заводининг эгаси эди. (кейин Андреанинг ўзи акцияларнинг эгаси бўлган), онаси Лидия эса шаҳар мерининг жияни бўлган. Бундан ташқари, Луиджи Пирло каттакон узумзорга эгалик қиларди. Шуни ортида унинг оиласи ўз виносини ишлаб чиқаради. Футболчининг отаси йилига 20 мингдан ортиқ шиша идишда вино сотиши мумкин эди. Аммо кичик Пирло футболга қизиқиб қолди ва унда катта муваффақият қозонди.
Ваут Веҳорст
“Манчестер Юнайтед”да ўйнаган, бўйи 197 смли футболчи болалигида ҳам ҳеч нарсага муҳтож бўлмай вояга етганди. Голландиялик ҳужумчи бадавлат оиладан бўлиб, нафақат Борн шаҳрида, балки бутун минтақадаги энг бадавлат оилалардан бирида туғилганди. Унинг отаси табиий газнинг чакана савдосига ихтисослашган йирик нефть-газ компаниясига эга эди. 2021 йил охирги ҳолатига кўра, у мамлакатда 130 га яқин ёқилғи қуйиш шохобчаларига эгалик қилади. Бироқ, Воут футболчи бўлди. У “Волфсбург”, “Бёрнли”, “Бешиктош” ва “Манчестер Юнайтед”да омадли фаолият олиб борди.







