Яқин Шарқ яна олов ичида қоладими?
Одатда бошқа кунларга нисбатан тинч ўтадиган якшанбада бутун дунё ОАВлари Эрондаги портлашлар туфайли жонланиб кетди.

Одатда бошқа кунларга нисбатан тинч ўтадиган якшанбада бутун дунё ОАВлари Эрондаги портлашлар туфайли жонланиб кетди. Воқеа аслида қандай бўлгани номаълум; маълумотлар бир-бирига зид. Бир томондан портлашлар Исроил томонидан амалга оширилган деган тахминлар бор (Тель-Авив буни расман тан олгани йўқ). The Wall Street Journal’га кўра, зарбалар Эронни тийиб туриш стратегияси доирасида амалга оширилган. Газета маълумотларига кўра, Исфахондаги баллистик ракеталар омборига уюштирилган дронлар ҳужуми ортида айнан Исроил турибди.
Бошқа бир тахминларга кўра, АҚШ тўғридан тўғри бўлмаса-да, қисман бу воқеаларга алоқадор. Аммо исроиллик ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ, Оқ уй муносабат билдиришдан қочмади: Вашингтон ҳужумларга аралашмаганини маълум қилди.
New York Times ҳам Исроил версияси ҳақиқатга яқинлигига ишора қилди. Газета мамлакат бош вазири Нетаньяхунинг Эронга нисбатан кескин муносабатини эслатиб ўтган.
Расмий Теҳрон ҳужумларда аниқ бир томонни айбламади. Шу билан бирга мудофаа вазирлиги зарбалар муваффақиятсиз бўлганини айтмоқда.
Мақсад босим ўтказишми?
Таҳлилчиларга кўра, Украинадаги ҳарбий можаро ва ядро музокараларнинг тўхтатиб қўйилиши ортидан Теҳронга босим кучайиб кетди. Ғарб бир неча ойдан бери Эронни Россияга дрон ва ракета етказиб беришда айблаб келмоқда. Бу Кремль ва Теҳрон томонидан инкор қилинаётган бўлса-да, айрим фактлар ҳақиқатдан ҳам қурол олди-бердиси бўлганини тасдиқлаяпти.
Биринчидан, Украинада уриб туширилаётган “Герань” учувчисиз қурилмалари Эроннинг Shahed 136 дронларига ҳаддан ташқари ўхшаш;
Иккинчидан, икки давлат кучишлатар тизимлари раҳбарлари ўтган йили ёзда ўта фаол тарзда Эрон ва Россия пойтахтларига қатнагани қайд этилди;
Учинчидан, Москва Теҳронга узоқ вақтдан бери ваъда қилинган Су-35 самолёти ва бир қанча юқори аниқликдаги тизимларни етказиб бермоқчи. Хусусан, Эроннинг Tasnim агентлиги 21 мартга қадар РФ томони қирувчи самолётларни етказиб беришини маълум қилди.
ОАВ Юқоридаги омиллар нафақат Ғарбни, балки Яқин Шарқ давлатларини ҳам хавотирга солганини қайд этган. Минтақадаги Эроннинг ашаддий рақиби бўлган Исроил Су-35 ва ҳаво ҳужумига қарши мудофаанинг янги тизимларини берилишига қарши. Бу унинг Яқин Шарқдаги технологик устунлигига зарба бериши мумкин.
Таҳлилчилар Эрон ядро дастури ва унинг атрофидаги музокараларнинг тўхтаб қолиши ҳам босимларнинг кучайишига сабаб бўлганига эътибор қаратган. Дональд Трамп даврида АҚШ келишувдан бир томонлама чиқиб кетиши ортидан бу масала яна боши берк кўчага кириб қолганди. Байден администрацияси ўз ташқи сиёсатида шартномага қайтишини эълон қилди. Шундан кейин музокаралар қайтадан бошланди. Аммо Украина можароси бошлангач, мулоқот яна тўхтаб қолди. Айрим манбаларга кўра, келишув аслида ўтган йилнинг февраль-мартида имзоланиши керак эди. Аммо Россиянинг позицияси туфайли у яна ортга сурилди.
Экспертларнинг хулосалари ва турли баёнотларга таянилса, АҚШ Эроннинг ядро потенциали кучайишига ҳеч қачон йўл қўймайди. Бу унинг Яқин Шарқ ва глобал миқёсдаги позицияларига жиддий зарба бўлишини Вашингтон яхши англайди. Бундан ташқари, Теҳроннинг ядро қуролига эга бўлиши прецедентни келтириб чиқариши ва Яқин Шарқда “ядро пойгаси”ни бошлаб бериши мумкин. Кечаги берилган зарбаларда АҚШ бевосита иштирок этмаган бўлса-да, маълум даражада унинг манфаатларига жавоб бериши мумкин. Айрим нашрларга кўра, ҳужумлар эронликларни маълум даражада музокаралар столига қайтишга мажбур қилиши эҳтимолдан ҳоли эмас.







