FIFА Туркиядаги трансфер ойнасини зилзила туфайли узайтирди
Мамлакатда барча спорт мусобақалари бекор қилинган.

FIFА Туркиядаги зилзила туфайли трансфер ойнаси 18 февралга қадар узайтирилганини маълум қилди.
“Туркиядаги табиий офат туфайли юзага келган фавқулодда вазиятни ҳисобга олган ҳолда, FIFА Кенгаши Бюроси Туркия футбол ассоциациясининг (ТFF) ТМS билан иккинчи рўйхатдан ўтиш муддатини 2023 йил 18 февралгача узайтириш тўғрисида қарор қабул қилди”, — дейилади FIFА хабарида.
Аввалроқ Туркияда барча спорт тадбирлари бекор қилинган.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал Туркияда бир қатор жиддий зилзилалар содир бўлди. Энг кучли зарбалар 7,8 магнитудага эга эди. Табиий офатлар натижасида Туркия бўйлаб кўплаб бинолар қулаб тушди. Ҳозирги маълумотларга кўра, қурбонлар сони 9 минг кишига яқинлашмоқда. Яна 50 мингга яқин одам жароҳат олди.







