Қатарлик инвесторлар “Манчестер Юнайтед”ни сотиб олишга тайёр
Улар клуб учун 5 миллиард фунт тайёрлаган.

Қатарлик инвесторлар “Манчестер Юнайтед”ни 5 миллиард фунт стерлингга (5,7 миллиард евро) сотиб олишга тайёр.
“Блоомберг” агентлигига кўра, улар тегишли таклиф тайёрламоқда. Мамлакатнинг собиқ бош вазири ва Қатар инвестиция бошқармасининг собиқ раҳбари Ҳамад бин Жасим бин Жобир Ал Тани клубни Глейзерлар оиласидан сотиб олиш бўйича таклифни якунламоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Манчестер Юнайтед” янги хўжайинларни изламоқда. 2005 йилдан бери клубга эгалик қилган Глейзерлар оиласи ўз активларини тўлиқ сотиши мумкин. Аризаларни йиғиш бошланган, уларни танлаш ва кўриб чиқиш “Челси”ни сотиш бўйича операцияни бошқарган банк томонидан амалга оширилади.
Англия клуби Премьер-лига турнир жадвалида учинчи ўринни эгаллаб турибди.







