Олий Мажлис палаталарининг ваколатлари оширилади
Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари 5 тадан 12 тага, Сенатники эса 14 тадан 18 тага кўпайтирилмоқда.

Айни дақиқаларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Конституциявий қонун лойиҳасини тайёрлашга масъул бўлган — Коррупцияга қарши курашиш, суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталарининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Унда янгиланаётган Конституция лойиҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар кўриб чиқиляпти.
Парламент фаолияти билан боғлиқ конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда Олий Мажлис палаталарининг биргаликдаги ваколатлари қайта кўриб чиқилди. Бунда, Қонунчилик палатаси билан Сенатнинг биргаликдаги ваколатлари ҳамда ҳар бир палатанинг алоҳида-алоҳида ваколатлари ва масъулият соҳалари аниқ белгилаб берилмоқда. Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари 5 тадан 12 тага, Сенатники эса 14 тадан 18 тага кўпайтирилмоқда.
Илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, ҳудудий манфаатларни ифодаловчи орган сифатида Сенатнинг маҳаллий вакиллик органлари фаолиятига кўмаклашиш каби муҳим ваколат Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Бундан ташқари, Олий Мажлис палаталарининг биргаликдаги ваколатлари сифатида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги миллий маърузани эшитиш белгиланмоқда.
“Бу иккала палатанинг мазкур йўналишдаги самарали ҳамкорлигини таъминлаган ҳолда, коррупцияга қарши курашиш борасида ижобий ўзгаришлар учун мустаҳкам замин яратади”, — дейилади хабарда.
Йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор ва «Ўзбекистон Республикаси референдуми тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ масъул қўмиталарнинг хулосаси қабул қилинди.







