Россия ва Украина Швейцарияда музокара ўтказяптими?
Украина ТИВ раҳбари бу масалага ойдинлик киритди.

Россия ва Украина Швейцарияда ҳеч қандай музокара ўтказмаяпти. Бу ҳақда Украина ТИВ раҳбари Дмитрий Кулеба маълум қилди.
“Агар қандайдир украиналиклар руслар билан Женевада гаплашаётган бўлса, улар Украин давлатининг расмий вакиллари эмас”, — деган у Италия ОАВга берган интервьюсида.
Вазирнинг қўшимча қилишича, Киев музокараларга ҳар қандай пайтда тайёр. Аммо бунинг учун Россия ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиши керак.
“Ҳозир ҳеч нарса Россия музокараларга тайёрлигини кўрсатмаяпти. Биз вазият тезроқ ўзгаришига ва руслар музокара бошлашига умид ва ибодат қиламиз”, –– деб қайд этган дипломат.
Кулеба Хитой таклиф этган тинчлик режасига ҳам муносабат билдирди. Унинг сўзларига кўра, Пекиннинг режаси умумий масалаларни қамраб олган ва “адолатли тинчликка эришишга ёрдам бермайди”.
Аввалроқ Швейцария ташқи ишлар вазири Иньяцио Кассис Женевада Украинадаги вазият бўйича музокаралар ўтказилаётганини айтганди. Вазирлик раҳбари бошқа тафсилотларни келтирмаган.







