“Барса” Балде билан шартномани узайтирмоқчи
Клуб футболчини кейинги мавсумдан асосий таркибда майдонга тушуради.

“Диарио Спорт” хабарига кўра, клуб 20 ёшли ҳимоячига камида 2027 йилга қадар маошини ошириш ва 1 миллиард евро товон пули билан шартнома таклиф қилмоқчи. “Барселона” футболчига кейинги мавсумда асосий таркибда майдонга тушишини маълум қилди.
Қайд этилишича, фақат “Барселона”нинг молиявий муаммолари туфайли маошларнинг чекланиши шартномани узайтиришга тўсқинлик қилиши мумкин. Клуб вакиллари футболчининг агенти Хорхе Мендес билан музокара олиб боришмоқда. Бу масалани ҳал қилишнинг мумкин бўлган вариантларини муҳокама қилишмоқда. “Барса” мавсум охирида расман келишувни эълон қилиш мақсадида Балденинг янги шартномаси шартларини тез орада келишиб олишга умид қилмоқда.
Алекс Балденинг “Барселона” билан амалдаги шартномаси 2024 йилнинг июнигача амал қилади. Ҳимоячи жорий мавсумда Ла Лиганинг 23 ўйинида 5 та голли узатмани амалга оширди.







