"Rheinmetall" компанияси Украина учун йилига 600 мингта снаряд ишлаб чиқармоқчи
Бу ҳақда концерн раҳбари маълум қилди.

"Rheinmetall қурол ишлаб чиқарувчи компанияси Украина учун йилига 600 минг снаряд ишлаб чиқаришга тайёр", — дейди концерн раҳбари Армин Паппергер Handelsblatt газетасига.
Бу ҳақда у Европанинг саноат бўйича комиссари Терри Бретоннинг Rheinmetall'нинг Унтерлюс шаҳридаги заводига ташриф буюрганидан сўнг маълум қилди, деб ёзади газета.
Нашрнинг эслатишича, Европа Иттифоқи Украинага 1 йилда 1 миллион артиллерия ўқини етказиб беришга ваъда берган. Бретоннинг айтишича, шиддатли жанглар давом этаётгани ва Украина армиясининг ўқ-дорилари тугаши мумкинлиги сабабли вазифа тезда бажарилиши керак.
Нашрнинг таъкидлашича, Европа мамлакатлари учун снарядлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш осон эмас, чунки Совуқ уруш тугаганидан сўнг қурол ишлаб чиқарувчи компаниялар тегишли қувватни қисқартирган.
Ишлаб чиқаришни тиклаш учун Европа Иттифоқи 500 миллион евро ажратади, яна 500 миллион ЕИнинг алоҳида давлатлари томонидан берилади. Кейинчалик ўқ-дорилар ишлаб чиқаришга яна 1 миллиард евро сарфлаш режалаштирилган.
Жума куни Европа Комиссияси Украинага артиллерия ўқ-дориларини етказиб бериш бўйича ушбу схема ниҳоят келишилганини эълон қилди.
Европа Иттифоқи расмий сайтида айтилишича, маблағлар 155 миллиметрли снарядлар ва керак бўлса, ракеталар ишлаб чиқаришга йўналтирилади.







