Саудия Арабистони спорт клубларини хусусийлаштириш лойиҳасини ишга туширди
Лойиҳа туфайли мамлакатда футбол ва унинг рақобатини ривожлантириш кутилмоқда.

Саудия Арабистони «СПА» ахборот агентлиги хабарига кўра, Саудия Арабистони футбол клубларини хусусийлаштириш лойиҳасини бошлади. Мамлакатда спортни ривожлантиришга қаратилган «Висион 2030» лойиҳаси доирасида Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон спорт клубларини сармоялаш ва хусусийлаштириш лойиҳасини ишга туширди. Лойиҳа ҳозирги босқичда икки йўналишдан иборат. Биринчиси, йирик компанияларга ушбу жамоаларнинг эгалик ҳуқуқини уларга ўтказиш эвазига спорт клубларига сармоя киритиш имконини беради. Иккинчиси 2023-йил охиридан бошлаб бир қатор спорт клубларини хусусийлаштиришни назарда тутади. Лойиҳанинг мақсади спорт соҳасига инвестиция имкониятларини ривожлантириш, шунингдек, клубларнинг рақобатбардошлигини ва инфратузилмасининг сифатини оширишдан иборат. Қолаверса, лойиҳа туфайли мамлакатда футбол ва унинг рақобатини ривожлантириш кутилмоқда, бу эса «Саудия Арабистони лигасини дунёнинг топ 10 лигаси қаторига киритиш» имконини беради. Саудия Арабистони чемпионатининг даромади йилига 112 миллион евродан 450 миллион евродан ошиши, шунингдек, лига қийматининг 2,5 баробар ошиши кутилмоқда.







