“Пахтакор” ва Неймар тўп тепаётган жамоа Осиёда мутлақ рекордчи
Қитъада клублар ўртасидаги чемпионлар лигаси старт олмоқда.

Эртага «Бунёдкор» стадионида Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси Осиё чемпионлар лигаси доирасидаги бу йилги биринчи учрашувини ўтказади. Шу муносабат билан бугун «Бунёдкор» стадионидаги анжуманлар залида «Шерлар» ва уларнинг рақиблари Бирлашган Араб Амирликларининг «Ал-Айн» жамоалари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Дастлаб «Пахтакор» бош мураббийи Максим Шатских ва Сардор Собирхўжаев ўйинолди тайёргарлиги борасида журналистларнинг саволларига жавоб берди.
Мураббий эртанги ўйинга жиддий тайёргарлик кўрилгани ва жамоа яхши натижа учун майдонга тушишини таъкидлади. У, шунингдек, мухлислардан кучли қўллаб-қувватлашни сўради.
Жамоа ярим ҳимоячиси Сардор Собирхўжаев ҳам эртага мухлисларга ёқадиган ўйин намойиш этмоқчи эканликларини айтиб ўтди.
Ўз навбатида, «Ал-Айн» жамоаси билан бўлган учрашувда, клуб бош мураббийи Алфред Шредер «Пахтакор»га қарши қандай тайёргарлик кўрилгани ҳақида маълумот берди.
— «Пахтакор» кучли жамоа. Тошкентликлар ўзининг бой тарихига, ОЧЛда иштирок этиш бўйича катта тажрибага эга. Лекин биз бу ерга ғалаба қозониш учун келганмиз ва эртага ижобий натижа қайд этиб, уйга кўтаринки руҳда кетмоқчимиз. Жамоамизда йўқотишлар йўқ, барча футболчилар эртанги ўйинга тайёр, — деди клуб бош мураббийи.
«Пахтакор» эртага Чемпионлар Лигасида 115-ўйинини ўтказади. Жамоа ҳозирга қадар Осиё Чемпионлар лигасида 114 беллашув ўтказиб, 50 ғалаба, 23 дуранг ва 41 мағлубият қайд этган. Рақиб дарвозасига 159 тўп киритиб, дарвозасидан 152 гол ўтказиб юборган ва 173 очко тўплаган. Илк ўйин бундан деярли 21 йил аввал Тошкентда Иорданиянинг «Ал Виҳдат» жамоасига қарши ўтказилиб, унда жамоамиз 3:0 ҳисобида зафар қучган. Шунингдек, чемпионлар мусобақаси саналган Осиё Чемпионлари Кубогида икки ўйин ўтказилган. Осиё клублар мусобақаларида эса жамоамиз жами 130 беллашувда майдонга тушиб, 57 ғалаба, 25 дуранг ҳамда 48 мағлубиятга эга. Рақиблар дарвозаси 202 марта ишғол қилиниб, 186 гол ўтказилган. Чемпионлар Лигасида умумий иштирок борасида «Пахтакор» Саудия Арабистонининг «Ал Ҳилол» клуби билан биргаликда рекордчи саналади. Иккала жамоа 17 мартадан турнирда иштирок этган. Гуруҳ ўйинлари ва плей-офф босқичи натижаларини ҳисоблаганда «Пахтакор» ОЧЛнинг умумий жадвалида 6-поғонани эгаллаб турибди.
Эслатиб ўтамиз, эртанги ўйин соат 19:00 да старт олади.







