«Футболни яхши биладиганлар бизни тушунишади»
«Пахтакор» бош мураббийи кечаги мағлубият ҳақида гапирди.

ОЧЛ 1-тури доирасидаги «Пахтакор» - «Ал-Айн» (0:3) учрашувидан кейин мезбонлар бош мураббийи Максим Шацких матбуот анжуманида ўйин ҳақида ўзининг фикрларини билдириб ўтди.
«Биринчидан, «Пахтакор»нинг ҳақиқий мухлисларига миннатдорчилик билдираман. Иккинчидан, ўйиндаги мағлубият учун бор жавобгарликни ўз бўйнимга оламан. Учинчидан, воҳимага ўрин йўқ, ҳали энди 1-тур ўйинини ўтказдик. Шунча вазиятлар яратиб, фойдалана олмадик. Рақиб эса ўз вазиятларини голга айлантирди. Бу маҳорат. Ҳали ҳеч нарса йўқотилмади, олдинда 5 та тур бор. Бугунги натижа ўйинга мос эмас. Футболни яхши биладиганлар бизни тушунишади. Голларни ўзимиз олиб келдик. Бу – футбол, ҳамма нарса рўй бериши мумкин. Бугун шундай кунки, рақибнинг ҳамма зарбаси голга айланди. Бугун рақиб бизни ҳужумлари билан қийнаб қўйганини ёки дарвозабонимиз сейвлар билан бизни қутқарганини кўрмадим. Бундай омадсизликлар бўлиб туради. Кейинги ўйинларга муносиб тайёргарлик кўриб, майдонга ғалаба учун чиқамиз», - деди Максим Шацких.







