"Антиструмин" харид қилган МЧЖ ССВ таъсислигида бўлган
Дори воситасини харид қилиш учун ҳеч қандай тендер ўтказилмагани айтилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги таъсисчилигидаги “O‘ZMEDIMPEKS” МЧЖ калий ёдид 1 мг (0,001 г) №100 (Антиструмин) дори воситасини харид қилиш учун 2022 йил июнь ойида “Само” МЧЖ билан 5 млрд 644 млн сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузган. 2023 йил 11 январда эса ушбу шартномага 956 млн сўмлик қўшимча келишув қилинган.
“O‘ZMEDIMPEKS” МЧЖ 2023 йил 4 майда яна антиструмин дори воситасини харид қилиш учун “Само” МЧЖ билан 15 млрд 275 млн сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузган. Ушбу шартномаларга кўра, жами 21 млрд 875 млн сўм маблағ эвазига “Само” МЧЖ 3 млн 550 минг миқдорда антиструмин етказиб бериши кўрсатилган.
Маълумот учун, антиструмин дори воситасини харид қилиш учун ҳеч қандай тендер ўтказилмаган, шартномалар тўғридан-тўғри тузилган. “Samo” МЧЖ таъсисчиларидан бири Нодир Юнусов АҚШ божхона ва иммиграция назорати хизмати томонидан қидирувга берилгани ҳақида хабар тарқалди. Нодир Юнусов, шунингдек, “Zuma-Pharma” МЧЖ раҳбари ҳам саналади.
Давлат харидлари порталида “O‘ZMEDIMPEKS” МЧЖ “Zuma-Pharma” МЧЖ билан ҳам тузган шартномалар ҳақида маълумот бор. Жумладан, 7000 дона шприц-ручка эритропоэтин воситасини етказиб бериш бўйича 782 млн сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузилган.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари болалар овқатдан ҳам, доридан ҳам заҳарланмаганлигини айтди.







