Дунёга хавф солаётган муаммо Ўзбекистон учун қанчалар хатарли?
Қурғоқчилик сабаб сув танқислиги, тупроқ шўрланиши, ҳосилдорликнинг камайиб бориши, оқибатда эса, озиқ-овқат тақчиллигига олиб келади. Хўш, сув ресурсларини муҳофаза қилиш борасида юртимизда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Глобал иқлим ўзгариши, хусусан, ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши фонида дунёда йирик экологик муаммолар, баъзи ҳудудларда сув сатҳининг кўтарилиши, тошқинлар, қурғоқчилик каби офатлар кузатиляпти. Бу эса эковазиятнинг издан чиқаётганига бир сигналдир. Дунёга хавф солаётган муаммолар Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ.
Сув ресурсларининг аста-секин чекланиб бориши занжирга айланган ҳолда жуда кўп муаммоларни келтириб чиқаради. Бу офат сабаб мамлакат сув танқислиги, тупроқ шўрланиши, экилаётган экинларнинг ҳосилдорлиги камайиб бориши, охир-оқибат эса озиқ-овқат етишмовчилиги билан юзлашади. Бундай қалтис вазиятдан чиқиб кетишнинг ягона йўли — тоза ичимлик сувидан тўғри ва оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигида сув исрофгарчилигига йўл қўймаслик.Хўш, бу борада Ўзбекистонда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Мавзуни 2021-2023 йиллар мисолида кўриб чиқамиз.
✔️ 2021 йилда қилинган ишлар:
1) 33 та йирик шаҳарнинг коммунал оқова тозалаш иншоотлари ўрганилди ва экологик назорат ишлари ўтказилди (мақсад: коммунал канализация оқова сув тозалаш иншоотларидан ер усти сув обектларига ташланадиган оқова сувларнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш);
2) жами 167 та корхонада локал оқова тозалаш иншоотлари ҳолати ўрганилди. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида – 3 та, Андижон вилоятида – 14 та, Бухоро вилоятида – 11 та, Жиззах вилоятида – 13 та, Қашқадарё вилоятида – 9 та, Навоий вилоятида – 9 та, Наманган вилоятида – 15 та, Самарқанд вилоятида – 15 та, Сурхондарё вилоятида – 6 та, Сирдарё вилоятида – 10 та, Тошкент вилоятида – 27 та, Тошкент шаҳрида – 9 та, Фарғона вилоятида – 24 та, Хоразм вилоятида – 2 та корхонада ўрганиш ишлари олиб борилди;
3) жами 2170 та автомобил ювиш шохобчасидан 1602 таси хатловдан ўтказилди, 361 тасида сувдан махсус фойдаланиш рухсатномаси, 460 тасида ички оқова тозалаш иншоотлари мавжуд эмаслиги ва 277 тасида бошқа қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди;
4) дарёлар ва бошқа сув ҳавзаларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ва қирғоқбўйи полосалари белгиланиб, ушбу ҳудудларда рейд тадбирлари ўтказилди;
5) 50 дан ортиқ кичик дарёлар, сойлар ва табиий кўлларнинг сувни муҳофаза қилиш зоналари, шу жумладан қирғоқ бўйи полосалари белгиланиши лозимлиги аниқланди;
6) сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича ўтказилган рейд ва текширувлар давомида 1588 нафар шахсдан қарийб 2 млрд 609 млн сўм жарима ундириб олинди.
2021 йилда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2,76 млн м3 сув иқтисод қилинди.
✔️ 2022 йилда қилинган ишлар:
2022 йилда Президентнинг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида” 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармонига асосан:
1) 14 та сув объектида сувни муҳофаза қилиш зоналари ва соҳилбўйи минтақалари белгиланди;
2) 76 та корхонада локал оқова сув тозалаш иншоотлари қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган бўлиб, амалдаги 77 та корхонада локал тозалаш иншоотлари реконструкция қилинди ва қуриб битказилди;
3) “Салар” каналида 78 км, “Қорасув” каналида 57,3 км, “Катта Калкауз” каналида 52 км, “Калкауз” каналида 111,5 км, “Бўзсув” каналида 333,5 км, “Бўрижар” каналида 312 км ва “Пул-эмас” каналида 281,8 км қисмида тозалаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди (мақсад: Тошкент шаҳрини аҳолига қулай, экологик тоза ва яшаш учун барча имкониятлар мавжуд ҳудудга айлантириш, кўкаламзорлаштириш даражасини ошириш);
4) 917 та автомобил ювиш шохобчаларида ичимлик сувидан фойдаланишнинг қонунийлигини аниқлаш юзасидан ўрганишлар ўтказилди. Ўрганиш натижалари бўйича 110 та ичимлик суви тармоғига уланиб олган шохобчалар бўйича уларни амалдаги тартибга мувофиқлаштириш ишлари амалга оширилди;
Республика бўйича 175 та шохобчалар ўз-ўзига хизмат кўрсатадиган турига ўтказилиши натижасида 70 фоиз сув ва электр энергияси тежалишига эришилди.
Шунингдек, хизмат кўрсатиш соҳасидаги гилам ва автомобил ювиш шохобчаларни конуний тартибга солиш борасида ўрганишлар ўтказилиб, асосланган таклифлар тайёланди.
Бундан ташқари, яшил макон доирасида экилган дарахтларни ва давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган корхоналар атрофидаги кўкаламзорлаштирилган майдонларни томчилатиб суғориш тизимига ўтказиш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди.
5) Жойларда тадбиркорлик субъектлари томонидан фойдаланишда бўлган 3886 та ер ости қудуқлари ўрганилди. Республика бўйича 2299 та (Қорақалпоғистон Республикаси 11 та, Бухоро вилоятида 1226 та, Жиззах вилоятида 237 та, Қашқадарё вилоятида 44 та, Навоий вилоятида 286 та, Наманганда 3 та, Сурхондарё вилоятида 289 та, Сирдарё вилоятида 97 та, Фарғонада 16 та, Тошкент вилоятида 90 та) ер ости қудуқлари тегишли ҳужжатларсиз фойдаланиб келингани аниқланди.
✔️ 2023 йилда қилинаётган ишлар:
Жорий йил режасига мувофиқ:
1) 14 та объектда, яъни Тентаксой, Андижонсой, Шаҳрихонсой, Зоминсув, Нураксой, Хўжамушкентсой, Шеробод, Исфайрамсой, Бошолишсой, Угом, Оқсоқота, Дукентсой, Қизилсой ва Паркентсой ер усти табиий сув объектларининг санитария-муҳофаза зоналари ва соҳил бўйи минтақаларини белгилаш лойиҳалари ишлаб чиқилди ва вилоят ҳокимликлари қарорлари билан тасдиқланди. Сувни муҳофаза қилиш зоналари ва соҳил бўйи минтақалари белгиланди;
2) 56 та корхонада локал тозалаш иншоотлари реконструкция қилинди ва 21 та корхона қуриб битказилди;
3) 917 та автомобил ювиш шохобчаларида ичимлик сувидан фойдаланишнинг қонунийлигини аниқлаш бўйича ўрганиш ўтказилди. Ўрганиш натижалари бўйича 110 та ичимлик суви тармоғига уланиб олган шохобчалар бўйича уларни амалдаги тартибга мувофиқлаштириш ишлари амалга оширилди;
4) жойларда тадбиркорлик субъектлари томонидан фойдаланишда бўлган 3886 та ер ости қудуқлари ўрганилди. Республика бўйича 2299 та ер ости қудуқлари тегишли ҳужжатларсиз фойдаланиб келингани аниқланиб, бартараф этиш чоралари кўрилди;
5) сув сатҳи 5 метрдан ортиқ пасайиб кетган ҳудудлар (Навоий, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларининг айрим ҳудудлари)да мораторий эълон қилинди (Асос: Президентнинг “Ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2022 йил 7 декабрдаги ПҚ-439-сон қарори). Ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш ҳамда мавжуд қудуқлардан ерларни сув тежовчи технологияларсиз суғориш тақиқланди;
6) Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикалари Ҳукуматлари ўртасида 2017 йил 22-23 мартда имзоланган иқтисодий ҳамкорлик Стратегиясига мувофиқ атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида ҳамкорлик қилиш ва Сирдарё дарёси суви сифатини таъминлаш мақсадида ташкил этилган қўшма ишчи гуруҳининг 4 ва 5-сон йиғилишлари ўтказилди;
7) Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги коллекторлардан кўллар тизимига сувларнинг келиб қуйилиши ва сувларнинг сифатини назорат қилиш, Сув хўжалиги тизимидаги каналлардан қўшимча сув ташлаш лойиҳаларининг бажарилиши, балиқ тутишни чеклаш, мораторий жорий қилиш ва браконъерликка қарши курашиш, Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари томонидан чўлланишга мойил ҳудудларда буталар экиш ва кўкаламзорлаштириш борасида ишлар бажарилди (Асос: Вазирлар Маҳкамасининг “Айдар-Арнасой кўллар тизими бошқарувини ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” 2022 йил 26 мартдаги 136-сонли қарори). Сув тежовчи технологияларни ўрганиш борасида Исроил тажрибаси ўрганилди.
Хулоса:
Дарёлар, кўллар ва ботқоқ ерлар каби сув билан боғлиқ тизимлар – экологик мувозанатни сақлаш, биохилма-хилликни сақлашда муҳим рол ўйнайди. Сувни исроф қилмай тўғри, мақсадли сарфлаш – сув экотизимларига салбий таъсирни юмшатиб, яшаш учун қулай майдонларнинг қисқаришини камайтиришга хизмат қилади.
Сув ресурсларини тежаш – сув истеъмоли ва ифлосланиши билан боғлиқ муаммоларни камайтиришга ёрдам беради. Бунга сувдан фойдаланиш унумдорлигини ошириш ва сув йўқотилишини камайтириш, самарали технологияларни қўллаш орқали эришилади.
Сув сарфини камайтириш, ирригация тизимларини ислоҳ қилиш, технологик инновацияларни жорий этиш, оқилона режалаштириш ва бошқаришга қаратилган чора-тадбирлар – иқтисодий самараларга эришиш ва тармоқларнинг рақобатбардошлигини оширишга олиб келади.







